Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раҳбарлигида 29 апрель куни Гулистон шаҳрида корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимларни спортнинг оммавий турларига кенг жалб этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, турли касб касалликларидан спорт ва соғлом турмуш тарзи орқали муҳофаза қилиш мақсадида “Саломатлик сари” республика югуриш марафони ўтказилди. 

Марафоннинг очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси ўринбосари Қаршибой Эшназаров ушбу марафонни ўтказишдан мақсад — корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимларни спортнинг оммавий турларига қизиқтириш орқали мехнат фаолияти самарадорлигини оширишга кўмаклашиш, корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимларни турли касб касалликларидан спорт ва соғлом турмуш тарзи орқали муҳофаза қилиш, аҳоли айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спортнинг оммавий турларига қизиқишларини кучайтиришдан иборатлигини таъкидлади.

Шундан сўнг 9та тармоқ касаба уюшмаларига тегишли корхона, ташкилот ва муассасалардан 3 та ёш тоифасида 600 нафарга яқин ишчи-ходимлар марафон югуришларида иштирок этдилар.

Югуриш натижаларига кўра 18-30 ёшлилар баҳсида Ибрат Жўраев, Гулчеҳра Жавлоновалар, 30-45 ёшлилар ўртасида Ботирхон Бузруков, Раъно Рустамовалар ва 45 ёшдан юқори бўлган қатнашчилар марафонида Александр Бобоев ҳамда Дилфуза Рустамовалар биринчиликни эгаллашди. 

Спорт байрами ғолибларига касаба уюшмаларининг дипломлари ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. Иштирокчилар эътиборига Гулистон шаҳар “Баркамол авлод” маркази ўқувчилари томонидан концерт намойиш этилди.

 Озода Мамадалиева,
“Ishonch” мухбири