Apple компанияси Кремний водийси йўлларида ўзи ишлаб чиқарган автопилот тизимини синовдан ўтказа бошлади, деб хабар бермоқда Bloomberg. Lexus RX 450h йўлтанламаси шундай тизим билан жиҳозланган.

Apple Калифорния йўлларида автоном бошқарувга эга автомобиллар синовини ўтказиш учун рухсатни икки ҳафта аввал олди. Тест прототипи  Velodyne лидари, камералар ва кўплаб сенсорлар билан жиҳозланди. Bloomberg эксперти сўзларига кўра, барча қурилмаларни бемалол сотиб олиш мумкин – улардан ҳеч бири ноёб ишланма эмас.

Apple ҳайдовчисиз автомобиль ишлаб чиқаётгани ҳақида илк миш-мишлар икки йил аввал пайдо бўлди. Ўшанда у электрокарларни қувватлантириш усулларини ўрганиб чиқаётгани, Берлинда моделни лойиҳалаштириш учун “махфий лаборатория” ташкил этгани ва автомобиль соҳасидаги қатор таниқли мутахассисларни ёллагани хабар қилинганди.

2016 йилда эса Apple ўз машинасини яратиш ғоясидан воз кечди ҳамда бор эътиборни автопилот тизимини ишлаб чиқишга қаратди. У кейинчалик автомобиль ишлаб чиқарувчиларига сотилиши мумкин.