Стандарт шахмат бўйича 2017 йилги мактаб ўқувчилари орасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон вакиллари 3та олтин медалга эга бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон шахмат федерацияси матбуот хизмати хабар берган. 

Стандарт шахмат бўйича мусобақаларда Нодирбек Ёқуббоев (7,5 якуний очко ва 15 ёшгача бўлганлар орасида мутлақ биринчи ўрин), Афруза Ҳамдамова (7,5 очко ва 9 ёшгача бўлганлар орасида мутлақ биринчи ўрин) ва Бегмуратов Ҳумоюн (8,5 очко ва 7 ёшгача бўлганлар орасида мутлақ биринчи ўрин).

Бундан ташқари, Афруза Ҳамдамова ва Алихон Авазхонов блиц шахмат бўйича мос равишда биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллашган. Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон вакиллари иккинчи ўринни эгаллаган (Турнир пешқадами Мўғилистон вакиллари бўлишди, учинчи ўринни Туркия эгаллади). 

Турнирнинг якуний тури 30 апрель куни Руминиянинг Ясси шаҳрида ўтказилди.