Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти очилган даврдан буён бу ерга кириш имтиҳони инглиз тилидан топширилар, шунингдек, муайян баллни тўплаган IELTS сертификатига эга абитуриентлар кириш ҳуқуқига эга ҳисобланар эди. 

Янги 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб эса кириш имтиҳони қаторига Математика фани қўшилди. Бу ҳақида Кун мухбирига олийгоҳ ходимаси хабар беради. 

Математика фанидан имтиҳон тест топшириқлари сифатида жорий қилинган бўлиб, тест саволлари 25тани ташкил этади. Саволлар Ўзбекистон Республикасининг барча академик лицейлари ва ўрта-махсус касб-ҳунар коллежлари учун тузилган ўқув дастурига мувофиқ равишда тузилган. Математика фани учун абитуриентларга 1 соат 20 дақиқа вақт ажратилади.

Маълумот ўрнида: 2007 йил январда Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов Сингапур Республикаси Президенти С. Натҳан таклифига биноан Сингапурга ташрифи чоғида Ўзбекистон – Сингапур давлатлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва долзарб халқаро муаммолар хусусида суҳбатда мазкур даргоҳнинг очилишига тамал тоши қўйилган.