Собиқ иттифоқнинг сўнгги мудофаа вазири, маршал Дмитрий Язов Москвадаги П.В.Мандрик номидаги Марказий ҳарбий клиник госпиталнинг жонлантириш бўлимига ётқизилди. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда

Аввалроқ бир қатор ОАВ 92 ёшли Язов шошилинч тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилгани ва у мия қон айланиши ўткир бузилиши билан шифохонага ётқизилганини маълум қилгандилар. 

"Дмитрий Тимофеевич Язов айни вақтда ҳақиқатан ҳам Россия мудофаа вазирлигининг марказий госпитали интенсив даволаш палатасига ётқизилган. Даволаш ҳисобига унинг соғлиғи яхшиланмоқда", деб айтди агентлик манбаси. 

Унинг айтишича, шифокорлар яқин орада Язовни жонлантириш бўлимидан палатага олишмоқчи. Собиқ вазир бу ерда ташрифчиларни қабул қила олади.

Дмитрий Язов 1924 йил 8 ноябрда Омск губерниясининг Язово қишлоғида (ҳозирда Омск вилояти Оконешников тумани Язово қишлоғи) дунёга келган. У Собиқ иттифоқ маршали ҳарбий унвони билан тақдирланган охирги ҳарбий ҳисобланади. Язов 1987-1991 йиллар Собиқ иттифоқ мудофаа вазири бўлган.