Наманган вилоятида тадбиркорлик соҳасини ҳар томонлама ривожлантириш борасида олиб борилаётган самарали ишлар натижасида бир қатор ютуқларга эришилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 1-чораги якуни билан вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотда кичик бизнеснинг улуши 68,2 фоизни ташкил этгани ёки, кичик бизнеснинг аҳолининг бандлиги соҳасидаги улуши эса 83,4 фоизни ташкил этаётгани албатта қувонарлидир.

Ушбу амалий натижаларни қўлга киритишда, тадбиркорликнинг тараққиёти, янгидан – янги салоҳиятли тадбиркорларни юзага чиқаришда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ҳар йили ташкил этилаётган “Ташаббус” кўрик танловининг алоҳида аҳамияти бор.

Ўтган йиллар давомида мазкур танловнинг Республика босқичида Наманган вилоятидан қатнашган тадбиркор, фермер ва ҳунармандлари 7 маротаба юксак мукофотларни, бир неча бор нуфузли номинацияларни қўлга киришди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида 2016 йил якунлари бўйича ўтказиладиган “Ташаббус-2017” кўрик танловини юқори савияда ташкил этиш тўғрисида”ги 379-Ф-сонли фармойишини вилоятда ижросини таъминлаш бўйича вилоят ҳокимининг 2017 йил 11 апрелдаги 125-Ф-сонли фармойиши қабул қилинди.

Унга асосан танловнинг шаҳар ва туман босқичлари 20-25 апрел кунлари юқори савияда ўтказилди. Уларда 350 нафар тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар иштирок этдилар.

Мазкур танловнинг вилоят босқичи жорий йил 2 май куни “Наманган ёшлар маркази”да ўзгача иштиёқ билан маҳаллий босқичларда ғолибликни қўлга киритганлар иштирок этмоқдалар.

Нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан барча йўналишлар адолатли баҳоланди ҳамда тантанали равишда тақдирлаш маросими ўтказилди.

Якуний натижаларга кўра тадбиркорлик йўналишида Наманган туманидан “Element paint” МЧЖ раҳбари Ахмаджонов Акбаржон, фермерлик йўналишида “Мусаффо Иқлим Транс” фермер хўжалиги раҳбари Юсупов Комилжон, Ҳунармандлик йўналишида Қўл тўқимачилиги маҳсулотлари соҳасида фаолият олиб бораётган Жалолов Обид ғолибликнинг қўлга киритиб, танловнинг республика босқичига йўлланма олдилар.

Тақдирлаш маросимидан сўнг чексиз хурсандчилигини яшира олмаган “Element paint” МЧЖ раҳбари Ахмаджонов Акбаржон: “Ташаббус - 2017” кўрик-танлови келгусида янада кўпроқ изланишимизга туртки бермоқда, ҳозирда корхонамизда 50 нафар ишчилар ҳиммат қилмоқда. Уларнинг 15 нафари коллеж битирувчиларидир. Ишлаб чиқараётган бўёқларимизни чет елга ҳам экспорт қилмоқдамиз. Келгусида янги линияларни ҳам ишга тушириб, халқимиз фаровонлигига ўз ҳиссамизни қўшишни мақсад этганмиз” дейди биз билан суҳбатда.

Ҳожиакбар ПАТТАЕВ

“Наманган ёшлар маркази” қошидаги

“Ёш журналистлар” тўгараги раҳбари