Болалигимда эсимда: бир куни кечқурун уйда ҳамма ухлаб қолди. Мен бир ўзим телевизор орқали кино томоша қилдим. Уруш ҳақида фильм берилаётганди. Ўшанда уни охиригача кўрганимдан мингдан-минг пушаймон бўлганман. Фильмда асирликка тушган қаҳрамондан фашистлар ўз мақсадлари йўлида фойдаланмоқчи бўладилар, у эса бундан бош тортади. Оқибатда бу бебош зобит устидан оғир ҳукм чиқарилади. У ва бошқа маҳбусларни совуқ аёз кечасида ярим яланғоч ҳолда концлагерь ҳовлисига олиб чиқиб, роса югуртиришади, сўнг бир бурчакка ҳайдаб, резина ичаклардан устларига сув сепишади. Қочишга уринганлар калтаклаб ўлдирилади. Қолаверса, бу иш маҳбуслар ҳали эсларини йиғиб олмай туриб амалга оширилади. Шунча одам қаҳратон аёзда муз қояга айлантирилади. Фильмдаги лавҳалар ҳаётдан олинган: олтмиш беш ёшли рус офицери Карбишевнинг иродасини бука олмаган фашистлар 1945 йилнинг 18 февраль кечасида уни беш юз нафар маҳбус қаторида жисмонан маҳф этишган...

Далага ёпирилган болалар

Ўйланиб қоласан, киши: нега одам ўз қавми бўлмиш одамга азоб беради? Очкўзлик, баднафслик сабабмикан бунга? Бошқа нима билан изоҳлаш мумкин? Сиёсат, ўша давр талотўплари деган билан барибир инсоннинг еб тўймаслиги, қирғинбарот ортидаги манфаатпарастликка бориб тақалади-да!

Уруш — ўз номи билан даҳшат, аланга, очлик, ўлим, жабр-ситамлар… Архив ҳужжатларига кўра, иккинчи жаҳон урушида Ленинград қамали чоғида шаҳарда ит-мушук ҳам қолмаган, оч-наҳор кишилар уларни сўйиб ҳам, тириклай ҳам ейишган экан. “Аргументы и факты” газетасида ёзишганидек, ўшанда бир кунда киши бошига 100-200 грамм нон берилган, холос. Тасаввур қилинг, кун мобайнида шугина нонга чидаб бўлармиди? Айниқса, изғиринли қиш минглаб одамларнинг ёстиғини қуритган. Аммо начора!

Бир амаки сўзлаб берган воқеа эсимда. Уруш йилларида Ўзбекистонга Украинадан поездда болаларни олиб келишибди. Улар шунчалик оч-наҳор эканки, поезд ҳали станцияга тўхтаб-тўхтамай, вагонлардан сакраб тушиб, ўзларини далага уришибди ва ҳали пахта очилмаган кўракларга ёпишибди. Кейин афтлари бужмайиб, туфлаб ташлашибди. Умрида пахта ўстирмагач кўсак нималигини билишармиди! Қолаверса, улар азбаройи оч, кўрганини оғзига тиқадиган даражада бўлган.

Кекса аммамнинг гапларини хотирлаб тураман. “Бозорлар, кўчаларда одамлар шишиб ўлганини кўрардик”, дерди раҳматли катта аммам. Мен гўдаклик шуурим билан кўп еб қўйишганидан ўлишгандир-да, деб сўрадим. Йўқ, одамлар очлик туфайли шишиб-шишиб ўлишган экан. Азбаройи қорин ғамидан ўт-ўланлар илдизи, кунжара ейишган. Уруш ана шу қадар чорасизликка дучор қилган эди.

“Сен етим эмассан” фильмини эсланг. Тарихий воқеалар асосидаги мазкур киноасарда бир ўзбек оиласининг инсонпарварлиги очиб берилган. Эр-хотин Шомаҳмудовлар бошпанасиз қолган, турли миллат вакиллари бўлган 13 болани ва урушдан сўнг яна 3 нафар гўдакни боқиб олишган. Бу – чинакам қаҳрамонлик, матонат, асрларга татигулик жасорат эди. Ўзбек яхши-ёмон, оғир-енгил кунларда ҳам, ҳамма вақт, ҳамиша бировнинг бошини силашга, мурувват кўрсатишга тайёр. Бугун шундай инсонларни хотирлашимиз, улар билан фахрланишимиз айни муддаодир.

Окопдаги бобом

Бундан бир неча йил муқаддам саксон етти ёшли Намоз бобом ҳаётдан кўз юмди. У киши урушда қатнашган эди. Бироқ бирор марта ҳам биз, невараларига машъум йиллар ҳақида, ундаги иштироки хусусида вйтиб бермаган. Бобомнинг кўрсаткич бармоғи букилиб қолган бўлиб, уруш асорати деб эшитган эдик. Эҳтимол, бобом уруш ҳақида сўзлаб, бизни қўрқитиш, дилимизга ваҳима солишни истамагандир, балки даҳшатли қирғинбаротни хотирлашни хоҳламагандир.

Бобомнинг болалиги ширин кечмаганини билардик. Сабаби, катта бобом – бобомнинг отаси ўз вақтида қулоқ қилинган. Қамалиб ҳам чиққан. Бобом мактабга – биринчи синфга борганида ўқитувчи уни “Чаённинг боласи” деб синфдан ҳайдаб чиқарган экан. Мурғак гўдакка бу ҳақорат қанчалик таъсир қилганини кўз олдингизга келтиринг. Бобом мактабдан уйгача ҳўнг-ҳўнг йиғлаб келган. Уйдагилар уни қандай овутишни билишмаган. Шу-шу, бобом барча фарзандларини ўқитишга уринган. Ўшанда Бойсундан иш тополмай, қўшни ҳудудларга бориб ишлаган, пахса девор уриб, рўзғорга пул ишлаб топган.

Бобомнинг урушда бўлгани билан боғлиқ тафсилотни амакимдан эшитдим. Жанггоҳдаги навбатдаги  қирғинбаротдан сўнг барча жангчилар майдонни тарк этган. Санитар қиз ярадорларни излаб юрса, унинг овчаркаси ғингшиб тупроқни кавлайверибди. Қиз белкурак билан очиб қараса, тупроқ тагида бир жангчи ётган эмиш. Беҳуш жангчини унинг якка ўзи бир неча юз одимгача судраб борган. Жангчи госпиталда бир неча кундан сўнг ўзига келди ва унга ҳаммасини айтиб беришди. Ўша жангчи менинг бобом эди. Қисматни қаранг, Худойим бобомнинг тирик қолишини истаган экан, акс ҳолда, санитар қиз ва овчарка ит қаерда эди!

Уруш кўрган бобом гоҳида узоқ ўйланиб қолар, соатлаб жим ўтирарди...

Яримжон куёв

Таниқли журналист Абдунаби Ҳайдаровнинг бир мақоласи роса қўлма-қўл бўлган эди. Мақолада урушдан ногирон бўлиб қайтган бир йигитнинг тақдири ҳақида ҳикоя қилинган. Архив ҳужжатлари асосидаги мазкур мақола бир нечта фотосуратлар билан берилган эди.

Мақоладаги бу йигит урушдан икки қўл ва икки оёқсиз қайтган. Худди ғўладек гап! Лаънати уруш шу кўйга солган эди. Хўш, энди нима қилади? Қандай яшайди? Унга ким қарайди, ким едириб-ичиради? Ота-онасига суянадиган бўлса, уларни бир умрга боғлаб қўймаган-ку! Тағин, денг, бу йигит ҳали уйланмаган! Ахир, у ҳам тоғ-тоғ орзулар қанотида учган, эзгу ниятлар қилган. Дунёдан шу аҳволда ўтиб кетаверадими? Унинг ҳам ортидан қоладиган фарзандлари бўлиши керак-ку!

Қарангки, қўл-оёқсиз бу йигитга тегадиган қиз ҳам топилди. Турмуш қурдилар. Ширин ҳаёт дамлари бошланди. Ёш келинчак эрига бутун меҳрини берди, уни едирди-ичирди, бошдан-оёқ қаради. Икки ўртада ўндан зиёд фарзандлар ҳам туғилди. Улар камолга етиб, ўз йўлларини топдилар. Уруш кўриб, қўл-оёқларидан жудо бўлган бобога яқинлари суянчиқ бўлдилар.

Яна бир отахон ҳақида эшитганман. Қандайдир асабий бу отахон мудом қовоғи солинган, мутлақо жиддий юрарди. Унинг бир оёғи протез эди. Урушда энг даҳшатли воқеаларни кўргани боисми, бутун борлиққа ҳақиқат кўзи билан қарарди. Ҳалоллик, виждонийликни ҳамма нарсадан устун кўрарди. Жиндак ноҳақликни кўрса, тутақиб кетарди. Ана шу отахоннинг келини шайтон йўлига кириб, эрига хиёнат қилди. Ўғил тишини-тишига босди, бироқ ота чидаб туролмади. Хиёнатга қўл урган одамни кечириш ҳақида ўйламасди у. Натижада дарғазаб бўлиб, келинини болта билан чопиб ташлади ва ўзини милицияга топширди.

Муҳаммад Юсуфнинг армони

Урушга нисбатан нафрат, қўрқув кўпчиликда бор, аммо афсуслар бўлсинки, қирғинбаротлар ҳали-ҳамон бўлиб турибди. Дунё ларзага келаётгандек. Урушга ундовчилар иссиқ ўринларда ўтириб, оддий одамларни жанг майдонига йўллайдилар. Инглизлар мақолида айтилганидек: “Уруш қироллар эрмаги”. Икки ўртада не-не одамлар қурбон, не-не болалар ота-онасидан жудо бўлиб, етимликка гирифтор. Уруш, бу – айрилиқ, жабр-жафо. У узоқ-узоқ йилларгача фаровон турмушга соя солиб туради.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов қаламига мансуб “Урушнинг сўнгги қурбони” номли ҳикояни кўпчилик ўқиган. Эгатидаги қулупнайлар ўғирланаётган уй эгаси ўғрини жазолаш мақсадида қулупнай поялари орасига электр тармоғи симларини улаб қўяди. Ниҳоят, ўғри ушланади. Ўғри... ўша уй эгасининг онаси бўлиб чиқади. Онаизор очликдан силласи қуриётган иккинчи ўғлини егулик билан таъминлаш учун шундай ишга қўл урган эди.

Минг шукрки, юртимиз тинч-осойишта, илоҳим, кўз тегмасин. Уруш нималигини асло билмай яшайлик. Бу бало ҳеч кимнинг бошига тушмасин. Фарзандларимиз компьютерлардаги уруш, “ота-от”га яқин йўламасин, қурол нималигини билмасин. Аксинча ўқисин, билим олсин, келажакнинг муносиб ворислари, озод юртнинг алп ўғлонлари бўлиб етишсин.

Машҳур шоир Муҳаммад Юсуф орзу қилганидек:

“Бир куни бир алвон замон келади,

Замин узра омон-омон бўлади.

Ўн йилми, юз йилми ўтиб орадан

Урушлар, низолар кетиб орадан

Тўплар адирларда буғдой ўради,

Танклар далаларда пахта теради...

Миллатлар, элатлар, оқ тан, қора тан,

Ҳаммаси Ҳазрати инсон бўлади…

Олам гулистон бўлади…

Бир куни...

Бу раҳматли шоирнинг истаги, орзуси, армони, хаёлидаги ҳақиқатлари эди. Ана шундай шоир эди Муҳаммад Юсуф!.. Мана унинг яна бир ташвиши:

Наҳот ғаним билса одам одамни,

Куйдириб кул қилса ёруғ оламни.

Мен кимга ишондим ёлғиз боламни,

Нима бўлса бўлсин, уруш бўлмасин...

Хотира уйғонса гўзалдир... Хотирамиз ҳеч қачон мудрамасин. У кечаги кунни, яхшиларни, улуғ ишларга қўл урганларни, урушда қаҳрамонлик кўрсатган инсонларни мудом бизга эслатиб турсин. Уларнинг хотирасини қадрлайлик.

Анвар Намозов