Непаллик 85 ёшли Мин Баҳодур Шерхон дунёнинг энг баланд нуқтаси – Эверест чўққисини такроран забт этиб, жаҳон рекордини ўрнатмоқчи бўлганда вафот этди, деб хабар берди Associated Press ахборот агентлиги. 

Непал  туризм вазирлигининг вакили Гианендра Шрестанинг маълумотларига кўра, эркак 6 май куни кечқурун лагерда вафот этган, унинг ўлими сабаблари ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.

Таъкидланишича, эркак бир неча ой машқ қилган ва шу давр ичида нафас олиш ва қон босими билан боғлиқ муаммолар сезмаган. У тоғли жойда туғилиб ўсгани сабабли унда тоғли жойларда юришда муаммолар бўлмаган.

Шерхон 2008 йил май ойида 76 ёшида Эверестни забт этиб, жаҳон рекордини ўрнатганди. Лекин 2013 йил япониялик альпинист Юитиро Миура 80 ёшида сайёрамизнинг энг юқори чўққисига кўтарилиб, унинг рекордини янгилаганди.