Америкалик спортчи Кендра Ҳаррисон тўсиқлар орқали 100 метрга югуриш мусобақасида синган қўли билан ғолиб бўлишга муваффақ бўлди. Бу ҳақида унинг мураббийи Эрик Флорил ўзининг Twitter'даги саҳифасида маълум қилди.

"Кендра машғулотлар давомида қўлини синдириб олганидан кейин ҳам Доҳадаги 100 метрга югуриш мусобақаларида ғолиб бўлиб, ўз табиатидаги қатъийликни намойиш қилди! Мусобақа тугаши биланоқ у шифохонага етказилди", - деб ёзади у. 

Ҳаррисоннинг ўзи ҳам кейинроқ Twitter'да югуриш мусобақасидан олдинги машғулотларда қўлини синдириб олгани, шунга қарамай, "Яратганнинг ёрдами" ва ўз қатъияти сабаб беллашувда ғолиб бўлгани ҳақида ёзди. 

Видеороликда спортчининг қўли синганини илғаш қийин, фақат унинг юзидаги ифодадан қийналаётганини кўриш мумкин. У 12,59 сония натижа билан рақибларидан ишончли ўзиб кетди. 

Кендра Ҳаррисон — IAAF Олмос лигасининг етти карра ғолиби.