Бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятига, инсоният ҳаётига таҳдид солаётган хавф-хатарлар, бало-ю офатлар қайсилар, деб савол берилганда, шубҳасиз биринчи галда терроризм, гиёҳвандлик, диний экстремизм каби тушунчалар фикримизга гавдаланади. Улар юзага келтираётган катта муаммолар ва салбий оқибатларини ҳам тез фурсатда ўйлай бошлаймиз. Сабаби бу қирғинбаротликлардан бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти азият чекмоқда...

Лекин булардан қолишмайдиган яна бир иллат бор. У бизнинг ичимизда, ёнгинамизда, шундоққина кўз ўнгимизда турганини баъзан пайқамаймиз ҳам. Айнан шу иллат тинч-тотув яшаётган оилаларнинг бузилиб кетишига, бир-бирига меҳрибон ака-ука, ота-болаларнинг ўзаро «юз кўрмас» бўлиб кетишларига, жамиики тубанликлар, жиноятлар ва безориликларнинг кўпайиб ёшларнинг онги заҳарланишига, шунингдек, жамиятимизда носоғлом муҳитнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Бу - ичкиликбозликдир.

Ичкиликбозлик соғлом жамиятга ҳам, унда ўсаётган ёш болалар, ўспиринларнинг руҳиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Ҳатто, юришни зўрға эплайдиган болачаларнинг оддий газли сувдан ичиб, «мен мастман, ароқ ичдим, мени ушла, йиқилиб тушаман» каби сўзлар билан «пиёниста»ларга тақлид қилиб, чайқалиб, қоқилиб юришларига кўп маротаба гувоҳ бўлганмиз.

Ваҳоланки, инсон номига доғ туширадиган жиноятлар, безориликлар ва уни қинғин йўлларга ундайдиган ҳам шу - ичкиликдир.

Ичкиликни Кайковус «Мастлик девоналик ва дарбадарликдир», деб қораласа, Саъдий Шерозий эса «Бу лаънати шайтон идиш ичида тинч ва осойишта ўтиради. Аммо агар уни ташқарига қўйиб юборсангиз, май билан бирга томоқдан ўтиб, ҳатто филни ҳам масхарабозлардек ўйнатади», дейди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, содир этилаётган ўнта жиноятларнинг тўққизтаси спиртли ичимлик истеъмол қилиш оқибатида содир этилар экан.

Ушбу мақола орқали биз ичкиликка ружу қўйган айрим кимсаларнинг қинғир қилмишларини, бунинг оқибатида улар томонидан содир этилган ўта оғир жиноят тафсилотларини баён этмоқликни жоиз деб билдик.

Бухоро тумани Работиқалмоқ қишлоқ фуқаролар йиғини «Боғдорчилик» жамиятига қарашли дала ҳовлиларнинг бирида истиқомат қилувчи Қамбар бобо аёли Хосият момо ва невараларини Бухоро шаҳрида яшовчи қизининг уйига меҳмондорчилик учун юбора туриб, ёлғиз ўзи дала ҳовлида қолади.

Шу куни Қамбар бобонинг дала ҳовлиси жойлашган ҳудудда истиқомат қилиб келаётган Ашуров Жўра Тўраевичнинг уйида базми жамшид авжида. «Ўхшатмаса учратмас» деганларидек, Жўра ичкиликка муккасидан кетган ҳамтовоқлари Рустамов Аҳмед Ғаффорович ва Рустамов Нодир Ботировичларни эрта тонгдан ўзининг уйига таклиф қиладида, навбатдаги базмни уюштиради.

Бу учала бетайин безорилар куни билан ароқхўрлик қилиб, тўртинчи шишани думалатганларида кун ҳам ботиб улгурган эди. Туннинг иккинчи ярмига келиб, соат 2 лар чамасида уларни яна ароқнинг хумори тутиб, гўё «оби ҳаёт»дек уни излашга тушадилар. Уйдан ҳеч қандай ичимлик топилмагач учовлон каловланиб кўчага чиқадилар.

«Оч қолган тўнғиз ўз боласини ҳам ейди» деганларидек, Жўра, Нодир ва Ахмед мастлик оқибатида, ҳаттоки, улар тўнғиз эмас балки, инсон боласи эканликларини ҳам унутган эдилар. Жўра ўзининг қадрдонларига қўшниси Қамбар бобонинг уйида ароқ топилиши мумкинлигини айтади, лекин Қамбар бобо бу вақтда уларга ароқ тугул, эшигини ҳам очмаслигини тушунган ҳамтовоқлар, қариянинг уйига бостириб киришни режалаштирадилар. Қамбар бобо уларни таниб қолмаслиги учун босқинчилар уйдан топилган аёллар чулкисини бошларига кийиб оладилар ва мастликда тузилган режага мувофиқ Қамбар бобонинг уйига ғайриқонуний равишда дераза орқали киришга муваффақ бўладилар.

Ярим тунда чақирилмаган «меҳмонлар»нинг ташрифидан чўчиб уйғонган Қамбар ота бу маҳалда ўғли Умиджон келган, деб ўйлаб, даҳлизга чиқадида бошига урилган таёқ зарбасидан ҳушини йўқотиб полга йиқилади. Кўнглида раҳм-шавқат қолмаган йигитлар 85 ёшли Қамбар отани шу ҳолига ҳам ачинмасдан тинмай дўппослайдилар ва унинг уйини титкилаб ўзларига керак бўлган бирор бир ичимлик топа олмагач, жавонда турган 380 минг сўм миқдоридаги пулларини қўлга киритиб жуфтакни ростлайдилар.

Бир оз муддат ўтгандан кейин Қамбар ота кўзини очадида қўшниси Акбарнинг уйи томон юра бошлайди. Аммо бошидан урилган таёқ зарбаларидан бобонинг мадори қолмай қўшнисининг томорқа ерида йиқилганча тонгга қадар ёрдамга муҳтож ҳолда ўлим билан курашади.

Уччала ҳамтовоқлар эртаси куни кайфлари тарқалиб ҳушёр тортадиларда тунда содир этган пасткашликларидан гангиб қоладилар. қилмишлари жиноят эканлигини тушунган, муқаддам содир этган турли жиноятлари учун бир неча маротаба судланган Жўра, Нодир ва Ахмедлар энди яшириниш чораларини кўриб тум-тарақай бўладилар.

Аммо уларнинг борар манзиллари яна ўша темир панжаралар ортида. Эртаси куни воқеа содир этилганлигидан бохабар бўлган Бухоро туман ИИБнинг тезкор ходимлари шу куннинг ўзида ушбу жиноятни иссиқ изларида очилишига эришадилар. Қилмиш қидирмиш деганларидек уччала босқинчиларга Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди томонидан 8 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Юқорида баён этилган жиноятнинг келиб чиқишига ягона сабаб бу, албатта, ичкиликдир. «Ичиладиган биринчи қадаҳ одатда соғлик учун, иккинчиси - кайфият учун, учинчиси - сурбетлик учун, тўртинчиси эса - ақлдан озиш учун ичилади», деб Камол Хўжандий ҳам ичувчиларга меъёрга амал қилишларини тарғиб қилган. Аллома Абул Фараж эса «Ичкилик инсонга тўрт ҳайвон сифатини ато қилар экан: биринчи қадаҳни ичганда одамнинг юзига қон югуриб товусдек товланадиган, ҳаракатлари сипо бўларкан. Иккинчи қадаҳни кўтаргач маймундек қийшанглайдиган, ўзини ҳам бошқаларни ҳам масхара қиладиган бўлиб қоларкан. Учинчи қадаҳни сипқоргач, у шердек такаббур, ўз кучига ишонган, ҳеч кимни назар-писанд қилмайдиган жанжалкаш бўлиб қолар экан. Тўртинчи қадаҳдан сўнг, у энди тўнғиздек ифлосланиб, балчиққа ботиб ётишни ўзига бир фазилат деб биларкан», дея бу иллатнинг оқибатларини таъкидлаб ўтган.

Бахтиёр Рахматов 
капитан
Бухоро вилояти