8 май куни Uber такси хизмати бош директори Трэвис Каланик твиттерда Uber Freight хизмати наклейкаси туширилган юк машинаси суратини чоп этди. Аввалроқ Каланик "Uber анчадан бери юк ташишлар билан қизиқишини" айтганди.

"Бу мураккаб, қизиқарли ва нозик жиҳатлардан холи бўлмаган бизнес. Унга кириш осон бўлмайди, бироқ бу мени илҳомлантирмоқда", деб айтган Каланик.

Uber компанияси Freight хизмати ёрдамида ҳайдовчи ва буюртмачилардан 15-20 фоиз ҳақ олувчи воситачиларни бартараф қилмоқчи. Компания оддий Uber’даги каби, юқори талаб бўлганда катта миқдорда ҳайдовчиларни жалб қилиш учун коэффициентлар оширилишига йўл қўяди. Юк ташишлар нархи кўплаб омиллар: ёнилғи, суғурта ва юқори инфляция таъсири остида ўзгариши мумкин. Бироқ компания Freight модели воситачилар билан ишлагандан кўра самаралироқ бўлишига умид қилмоқда.

2016 йил октябрда Uber АҚШда Uber Freight хизмати синовдан ўтказила бошланишини эълон қилганди. Ўшанда компания ушбу хизматни 2017 йилда ишга тушириши маълум қилинганди.  

2016 йил ёзида Uber ҳайдовчилар ва буюртмачиларга тўғридан-тўғри боғланишга имкон берувчи хизматни яратиш билан шуғулланаётган Otto компаниясини харид қилган. Бундан ташқари, Otto’да ўзи бошқарилувчи юк машиналар ишлаб чиқиш ишлари олиб борилган. Бу хизмат ёрдамида биринчи юк ташиш 2016 йил октябрда амалга оширилган – компания Лавленд шаҳридан Колорадо Спрингс шаҳрига 50 мингта Budweiser пивоси банкасини етказиб берган. Расман бошқа синовлар ўтказилмаган, бироқ Otto юк машиналаридан ҳукумат билан келишилмаган ҳолда Калифорния йўлларида фойдаланилгани қайд этилган.

Фото: @travisk

Аввалроқ АҚШда юк машиналари ҳайдовчилари ва буюртмачиларни воситачиларсиз дастур ёрдамида боғлашни режалаштирган бир неча компания йўлга қўйилган.