Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг, жамиятнинг турли жабҳаларида аёлларнинг ўрни ва ролини оширишга қаратилган эзгу амаллар йўлга қўйилиб, бугунги кунда аёлларни жамиятнинг барча жабҳалари, қолаверса, давлат бошқарув органлари сафларида кўриб, уларнинг шижоатига, ташаббускорлигига яна бир бор тан бермоқдамиз. Бир елкада оила деб аталган қўрғонни, бир елкада эса машаққатли касбига бўлган масъулиятни баравар кўтариб, улкан ютуқлар сари дадил интилаётган аёллар шаънига қанчадан-қанча таҳсинлар билдирсак, шунча оз.

Лекин, аёл номига иснод келтириб, унинг шаънига нафрат туйғуларини уйғотган, тубанлик сари йўл тутиб арзимаган моддий бойлик илинжида ор-номуси, қадр-қимматини оёқости қилган айрим аёлларнинг қилмишлари кишини ўйга толдиради. Нафсининг қулига айланиб қолиб, оқибатини ўйламай қилинган ножўя қилмишлари туфайли бугунги кунда юзи шувут бўлиб, қонун олдида жавоб бераётган Назиранинг (қаҳрамонларнинг исм-шарифлари ўзгартирилган) жиноят кўчасига кириб қолганлигини қандай баҳолаш мумкин... 

Назира Бухоро шаҳридаги олий даргоҳларнинг бирини тамомлаганидан сўнг, ўзининг қишлоғидаги мактабда жисмоний тарбия фанидан ўқувчиларга сабоқ бериб, мураббийлик фаолиятини бошлади. 

Аввалида ўқитувчи бўлиш орзусига эришганидан мамнун ҳолда, ўзининг танлаган касбига бор меҳрини бериб, янги орзулар сари интила бошлаган бу қизнинг юриш-туришларида, ўзини тутишида кейинчалик ўзгаришлар сезила бошлади. Бу салбий ўзгаришлар бора-бора Назиранинг дунёқарашини тубдан ўзгартириб, унинг жиноят кўчасига кириб қолишига туртки бўлди. 

...Мукаррам опа Назиранинг ён қўшниси. Бир неча йиллардан буён табиблик билан шуғулланиб, нажот излаб уйига ташриф буюрган одамларнинг мушкулини осон қилиб, туманда Мукаррам фолбин номи билан машҳур бўлган аёллардан бири. Унинг уйига ҳар куни қўшни туманлардан, қолаверса қўшни вилоятлардан фуқаролар келиб, қайсиларидир йўқотиб қўйган қимматбаҳо буюмларини топишда, айримлари эса тақдирида нималар бўлишини билиш учун ёрдам сўраб, совға-саломлар билан ташриф буюрадилар. Ахир, улар «фолга ишонма, фолсиз юрма», деган иборага амал қиладилар-да! 

...Табибнинг хизмат ҳаққи учун одамлар томонидан инъом қилинган қимматбаҳо совғалар, ихлос қилиб берилган пуллар Назиранинг хасад куртаклари уйғонган юрагига ғулғула сола бошлади. Бундай мулозаматнинг кунора гувоҳи бўлган қўшни қиз ўзига Хуршид исмли жиянини шерик қилиб, юрагида тўпланиб қолган ғараз ниятларини ва тузган режасини ўртоқлашади. Хуршид тайинли ишни бошини тутмаганлиги, бировларни алдаш ёки тунаш ортидан кун кечириб келаётганлиги сабабли бу таклиф унга мойдек ёқиб тушади. 

Туни билан ҳамтовоқлар режа тузишиб унга кўра, эрталаб тонг саҳарда уни бажаришга киришадилар. Гўёки Назиранинг соғлиги ёмонлашади, жияни Хуршид уни етаклаб Мукаррам опанинг уйига олиб келади. Соат 06:00 ларда Назира ва Хуршид табибнинг дарвозасини таққиллатиб, уни чақирадилар. Тонг саҳардан беҳосият ташрифдан Мукаррам опа чўчиб уйғониб, «шифо излаб келган беморларга» эшигини очади. Юзига ёпинчиқ ўраб олган «бемор» аёл ва уни етаклаб келган йигитни танимаган бўлса ҳам, уларни табобат амалларини бажариш учун мўлжалланган алоҳида хонага олиб киради. Ўзи эса бошқа хонадан муолажа учун зарур бўлган анжомлари ва китобларини олиб келиш учун чиқиб кетади. 

Нияти бузуқ «меҳмонлар» эса шу вақтда уйни ҳар бир нуқтасини титкилаб, бирор нарса тополмаганларидан сўнг Мукаррам опанинг қайтиб келишини хонага кираверишдаги даҳлизда кутадилар. Унинг даҳлизга кириши биланоқ Хуршид унга куч ишлатиб, шу уйдаги матолар билан қўл ва оёқларини боғлайди, Назира эса ўзи билан олиб келган пичоқ билан унинг оёғидан уриб жароҳат етказади ва ўлдириш билан қўрқитиб пул, қимматбаҳо буюмлар ва тилла тақинчоқларини талаб қилади.

Ўзининг ётоқхонасида ҳали ухлаб ётган Мукаррам опанинг ёлғизгина қизи Мадина уйдаги тўполондан уйғониб, уларнинг ёнига келади. Хуршид унга ҳам куч ишлатиб онасининг қаторига жойлаштириб қўяди. Ҳайҳотдек уйда Мукаррам опа ва қизидан бошқа ҳеч ким йўқлиги учун босқинчилар уйнинг ҳамма хоналарини кўздан кечириб, кўзга кўринган қимматбаҳо буюмлар, компьютер жамланмаси, 200 АҚШ доллари, хуллас, 4.555.000 сўмлик ҳар хил турдаги мол-мулкни қўлга киритиб, кўздан ғойиб бўладилар...

...Оёғининг жароҳати туфайли оғриқдан Мукаррам опанинг аҳволи оғирлашгач, қизи Мадина туман касалхонасига қўнғироқ қилиб тиббий ёрдан кўрсатилишини сўрайди. Бўлиб ўтган воқеалардан туман ИИБ ходимлари ҳам хабар топишгач, зудлик билан тезкор тадбирларни амалга оширадилар. Олиб борилган тезкор тадбирлар давомида шу куннинг ўзидаёқ ушбу жиноятни содир этган зўравонлар қўлга олинади. Энди Назиранинг пичоқ кўтарган нозиккина қўлларини ўзи «ҳавас» қилган қимматбаҳо тақинчоқлар, билакузуклар эмас, балки кишан безаб турибди.   

Назира ўқитувчи эди, нафсининг қулига айланиб, калтафаҳмлик билан ўйламай қилган биргина хатоси унга жиноятчи номини берди. 

Бахтиёр Рахматов, капитан 
Бухоро вилояти ИИБ