Лайло Темирова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бошқа аёлларга ўхшаб ҳалол меҳнат қилишга бўйни ёр бермади. У бир эмас бир неча марта судланган бўлишига қарамай, хулоса чиқармади, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Жазо муддатини ўтаб чиққан Л.Темирова орадан кўп вақт ўтмай, 2015 йилнинг июнь ва август ойида фуқаро Нигора Раҳимжанованинг мулкини ўзлаштириш мақсадида унинг ишончига киради. Аёлга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни таклиф қилиб, пойтахтимиздаги “Чилонзор буюм бозори”да бир неча бор учрашишади ва ўзларича “иш” режалар тузишади. Маккорликнинг ҳадисини олган Лайло бу сафар ҳам одатдагидек иш тутади. У Н.Раҳимжанованинг 9 млн. 774 минг сўмлик тилла тақинчоқларини сотиб беришни ваъда қилади. Ишончга кириш мақсадида маккора Н.Раҳимжановага бўнак пули сифатида 750 минг сўм пул беради. Кўп миқдордаги тилла тақинчоқларни қўлга киритган Л.Темирова уларни сотиб, пулини ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади ва шу билан Нигорага қорасини ҳам кўрсатмайди.

Лайло ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2016 йил январь ойининг ўрталарида пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида яшовчи, таниши Раҳима Султонованинг уйига келади. Унга ҳам биргаликда тадбиркорлик билан шуғулланишга ваъда бериб, ундан пул бериб туришни сўрайди. “Гаровга тилла буюмлар қолдираман, хотиржам бўлинг, агар пулингизни қайтара олмасам, шулар сизга бўлади”, деб уни алдайди. Жабрланувчига бераётган 3 дона узук, аслида тилла эмасди. Хуллас, навбатдаги “ўлжа”нинг 9 млн. 197 минг сўм пулини қўлга киритиб, уларни ҳам эҳтиёжлари учун сарфлаб юборади. Орадан бир неча ойлар ўтса-да, Л.Темирова олган пулларини қайтариб беришни хаёлига ҳам келтирмасди.

Сабр косаси тўлган жабрланувчиларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга шикоят қилишдан ўзга чоралари қолмади.

Суд Лайло Темировага нисбатан яна бир бор ҳукм ўқиди. Энди бу аёл умрининг бир неча йилини панжара ортида ўтказишга мажбур.