Чемпионлар лигасининг ярим финали доирасида «Ювентус» ва «Монако» жамоалари ўртасида кечган ва мезбонларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган учрашувдан кейин туринликлар дарвозабони Жанлуиджи Буффон ҳамда монегасклар ҳужумчиси Килиан Мбаппе дўстона қучоқлашди. 39 ёшли дарвозабон ўз жамоадошлари ғалабани нишонлашаётган вақтда 18 ёшли рақиби олдига келиб, уни ўпиб қўйди ва унга келгусида муваффақиятли фаолият тилади.

Ўйиндан олдин италиялик ушбу дарвозабон «Мбаппе мен жаҳон чемпионатида ўйнашга улгурганимда дунёга келган», дея эслатиб ўтганди. Ўйин давомида франциялик ёш ҳужумчи жамоасининг ягона жавоб голини урди ва Чемпионлар лигаси ярим финалларида гол урган энг ёш футболчи сифатида тарихга кирди. Бундан ташқари, Мбаппе ўзининг бу голи билан Буффоннинг 600 дақиқа давом этган «қуруқ серияси»ни  тўхтатди.

Чемпионлар лигаси финали 3 июнь куни бўлиб ўтади. Кардифф финалида «Ювентус»га «Атлетико»– «Реал» жуфтлиги ғолиби рўпара бўлади. Мадрид жамоалари ўртасидаги жавоб учрашуви бугун Тошкент вақти билан соат 23.45да бошланади. Биринчи учрашувда «Қироллик клуби» 3:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.