Дунёда шундай инсонлар борки, яратганнинг унга тортиқ этган насибасига шукр қилиб, ҳалол меҳнати эвазига атрофидагиларнинг иззат ҳурматига сазовор бўлиб яшамоқликни афзал деб биладилар ва ўзларининг эзгу амаллари билан ҳавас қилса арзигулик ном, обрў қозонадилар. Бундай инсонларни парвардигор ҳам қўллайди. 

Лекин орамизда шундайлар ҳам борки, улар «енгилнинг устидан оғирнинг остидан» юриб, бировнинг пешона тери эвазига орттирган мол-мулкига кўз олайтириб, осонгина бойлик орттириш илинжида жирканч ишларга қўл уришдан, қабиҳ жиноятлар содир этишдан ҳам тап тортмайдилар. 

Ботир ака ўғиллари Шуҳрат ва Шерзод Ортиқовларга (исм-шарифлари ўзгартирилган) ўзининг ота касби бўлган дурадгорликни ўргатиш илинжида ҳарчанд куйинмасин, нокас ўғиллар унга сира ҳам қулоқ солмасдан, отанинг топганига баковул бўлиб қолишдан нари ўтмадилар. Уста дурадгор Ботир ака шу ҳунари кетидан икки ўғлини ҳам вояга етказиб, уйлантиришга улгурган эди. Ҳар бири оила боши бўлган ўғиллар рўзғор тебратиш, оила боқиш, орзу ҳавас қилиш ўрнига гўё меҳнат қилишга арзигулик тайинли ишнинг ўзи йўқлигини баҳона қилиб юравердилар. Шўрлик ота эса, ўғиллари эртага ўз рўзғорини қай йўл билан тебратишини, текинтомоқлар филни йиқитгудек кучга кирибдилар ҳамки бирор-бир юмушни бажара олмасликларини ўйлайвериб касалманд бўлиб қолди.  

Бу орада бир ҳовлида сиғмаган келинлар ҳам бир-бирлари билан кунора жанжаллашар, бунинг оқибатида ака-укалар хотинлари ҳимоясида бир-бирларини янчиб ташлашга тайёр душманларга айланиб қолишди. Ўртада шўрлик Ботир ака аёли Хосият хола билан бу муаммоларнинг охирини ўйлайвериб буткул адойи тамом бўлдилар.  

Шу зайлда ўтиб бораётган кунларнинг бирида Ботир акани йўқлаб келган жияни Комилжон меҳмондорчиликка келади. Комилжон узоқ йиллардан бери Россия Федерациясининг Москва шаҳрида ўзининг меҳнат фаолияти билан шуғулланиб, ҳаттоки, бегона юртда ҳам ўзининг меҳнати, уддабуронлиги билан  айрим маҳаллий руслардан ўзиб кетган эди. Лекин, 40 ёшга бориб қолган бу йигит ҳали уйланишни ўзига ихтиёр этмаган. У ерда ўзининг бизнеси, қўша-қўша савдо мажмуаларининг эгаси саналган Комилжоннинг файз-барака, меҳр-оқибат йўқолиб бораётган ушбу хонадонга ташриф буюриши Ботир ака хонадонидаги муҳитни тубдан ўзгартирди. 

-  Россияда катта бизнес бошлаганман, йўқ демасангиз жиянларим Шуҳрат билан Шерзодни ўзим билан бирга олиб кетсам, сабаби, у ерда менга ёрдам берадиган, менга қарашадиган ўзимнинг жигарларим бўлса дегандим.

Комилжоннинг бу таклифига Ботир ака оиладаги ҳолат ва муҳитни эътиборга олиб, ҳеч иккиланмасдан розилик берди. Бекорчи ўғилларнинг эса, тайинли иш топилганидан, бошларига бахт қуши қўнганлигидан оғзи қулоғида эди.
 
Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас Комилжон Россияга қайтиш вақти келганлигини, Шуҳрат ва Шерзодга тайёргарлик кўришларини тайинлаб, уларга ҳам чипталар олиб қўйганлигини айтади.  

Россия. Москва шаҳри. Шерзод билан Шуҳрат гарчи, шу вақтгача  ўзларининг қишлоқларидан бошқа шаҳарни кўрмаган бўлсалар ҳам, ўзларини худди дунё кўрган ишбилармонлар каби тутишни, олифтагарчиликни ҳаддан зиёд эплай оладиган йигитлар. Ўзга юртда, бегона одамлар орасида мусофирчиликда яшаб, ўзининг ҳурмат ва мавқеига эга бўлган Комилжон эса, қисқа вақт ичида жиянларидаги ҳавойи ўзгаришларни кўриб, баъзан уларни жеркиб тартибга, баъзан эса, одмилик, инсоф ва диёнатга чақирар, уларнинг қулоқсизлигидан, бепарволигидан хавотирга тушар эди.  

Шаҳар марказида фаолият кўрсатаётган савдо мажмуаларининг бирида Шуҳрат, бирида эса Шерзод мажмуаларга келган молларни ва озиқ-овқатларни қабул қилиб олишар, ҳисобини юритишар, Комилжон эса жиянларига ушбу иншоотларни ишониб топшириб, ўз бизнесини янада ривожлантириш йўлида тинмай югурар эди. Лекин, уларнинг фаолиятини шахсан ўзи кунора назорат қилиб, текшириб турар эди. Шу зайлда ойлар кетидан йиллар ўтиб, ака-ука Шерзод ва Шуҳрат Ортиқовлар Комилжоннинг кўмагида анчагина бойишга, Ботир ака эса, ўғиллари жўнатган пуллар ортидан қишлоқда иморатлар солиб, ҳар бирининг номига атаб янги автомашиналар сотиб олишга муваффақ бўлди.

Халқимизда «Эшак қорни тўйса, эгасини тепади», деган бир ибора баъзан, кези келганда бежиз айтилмаганлигига ишонасан киши. Ака-укалар Комилжоннинг Москвада маҳаллий рус бойлари каби қора «Мерседес»ларда юришидан, қўлини оғир меҳнатга урмаслигидан, ўзининг ҳамкорлари билан баъзан чет элларда дам олиб қайтишидан ҳасад қилишни бошладилар. Аслида Комилжоннинг бу даражага осонгина эришмаганлигини нонкўр ака-укалар тушунишни ҳам хоҳламас эдилар. 

Дам олиш кунларининг бирида учрашган ака-укалар охири бир-бирлари билан «дардлашиб», уларни қўлларидан етаклаб келиб иш билан таъминлаган, оёққа туриб олишлари учун шароит яратиб берган Комилжоннинг юриш-туришларини муҳокама қилишга тушадилар.

-  Аслида Комил акам бизларнинг меҳнатимиз эвазига бойиб кетяпти, бизлар бу ерда кеча-ю кундуз тинмай меҳнат қилсак-у, у мазза қилиб ҳар ойда бир маротаба дунё кезса, кунда савдодан тушган пулларни бир тийин қолдирмасдан олиб кетса, сизни билмадим-у, менга жуда алам қиляпти.

Шерзоднинг акаси Шуҳратга айтган бу гаплари «кўзини шира босган» акани  ўйлантириб қўйди. 

- Тўғри айтасан укам. Тунов куни Комилжоннинг Санкт-Петербург шаҳридан уч қаватли ҳовли сотиб олганлигини эшитиб қолдим. Бизларчи, унинг ҳар ойда берадиган 1000 доллар ойлик маошига қаноат қилиб ўтираверамизми. Бугуноқ Комилжонга савдо мажмуаларининг ақалли биттасини ўз номимизга расмийлаштириб беришини, ўзимиз алоҳида фаолият юритишимиз вақти келганлигини айтамиз... 

...Ишонган жиянларидан бу гапларни эшитган Комилжон шунча вақт ичида қўйнида илон сақлаб юрганлигини, яхшилик ҳамиша ҳам ғолиб келмаслигини тушуниб етди. «Тайёр ошга баковул» бўлишни истаётган ака-укаларга савдо мажмуаларини беролмаслигини, агар улар хоҳласалар ишни шу тариқа давом эттиришларини, агар бераётган ойлик маоши уларни қаноатлантирмаса бошқа иш топиб кетишлари мумкинлигини айтганидан сўнг, ғазаб отига минган ношукур ака-укалар бошқа режа тузишга киришдилар. 

Савдодан тушган пулларни, соф даромадни Комилжондан яшириб, бойлик йиғишнинг ҳаром йўлига ўтдилар. Орадан икки ой ўтгандан сўнг, Комилжон йиллар давомида ўз меҳнати билан бунёд этган бизнеси касод бўлаётганлигини пайқаб, жиянлари бошқараётган савдо мажмуаларидаги фаолиятни текширувдан ўтказиб, боқиманда жиянларининг қилмишларини фош қилди. Шундай бўлсада, Комилжон «жигарлари»га ёмон муносабатда бўлмади, аксинча, уларга шунча шароит яратиб берганлигини, бошқа бу каби ғаразли ишларини қилмасликларини, ҳалол ишласалар уларни янада қўллаб-қуватлаши мумкинлигини  айтади. 

Нобакор ака-укалар шундан ҳам хулоса чиқармасдан ўз билганларича иш тутиб, Комилжондан миннатдор бўлиш ўрнига унинг режаларини барбод қилиб, ишни орқага тортавердилар. Ҳафсаласи пир бўлган Комилжон охир-оқибат қариндошлик ришталари узилаётганлигини сезиб, муносабатлар янада жиддийлашмасданоқ уларни ишдан бўшатишни лозим топади. Кўзлаган мақсадига эришолмаган ака-укалар ўз қишлоқларига қайтишдан бошқа чора тополмайдилар. Чўнтакларини қаппайтириб, анчагина мўмай даромадга эга бўлган «уддабуронлар» уйларига қайтишдан олдин яна бир жирканч режаларини бир-бирлари билан ўртоқлашадилар. 

-  Ака, Комил бизларни ҳайдаб солишига қараб тураверамизми, агар шу кечаси унинг уйига кира олсак, йиғиб қўйган «кўкат»ларни ўмариб эрта тонгдан бу ердан қочиб кетамиз, Комил уйига кеч қайтади, бу бизлар учун жуда қулай фурсат, бунинг устига менда уйининг бир нусха калити ҳам бор. 

Укасининг бу таклифидан Шуҳрат бир муддат ўйга шўнғийдида, ва ниҳоят биргалашиб уйни ўмаришнинг режасини тузадилар.

Тун алламаҳал бўлганда Комилжоннинг уйига эшик орқали киришга муваффақ бўлган ўғрилар уйдаги сейфни топиб уни синдириш орқали ичида бўлган 37 минг АҚШ долларини қўлга киритадилар. Изларига қайтишга улгурмасданоқ Комилжоннинг уйга кириб келиши уларни эсанкиратиб қўяди. Бу ҳолатдан жаҳлини жиловлай олмаган Комилжон улар томон важоҳат билан кела бошлайди. Шу пайтда шарманда бўлиб, уятдан бошини кўтаролмаган Шерзод қўлида турган, сейфни синдириш учун фойдаланган болта билан ҳеч ўйламасдан Комилжоннинг бошидан уради. Қаттиқ зарбадан ҳушини йўқотган Комилжон полга йиқилади ва шу ернинг ўзида унинг жони узилади. Қотилга айланган ака-укалар саросимага тушиб, қилмишларини яшириш мақсадида Комилжоннинг жасадини ошхона пичоғи билан худди молни сўйгандек бўлакларга бўладиларда, учта қопга солиб, ярим тунда унинг уйидан анча олисда бўлган ўрмонга олиб бориб кўмадилар. Қайтиб келиб қотиллик изларини йўқотиш мақсадида уйни обдон кўздан кечириб, пичоқни ахлатхонага ташлаб юборадилар. 

Эрта тонгда қотил ака-укалар ҳеч нарсани кўрмагандек пулларни олиб йўлга чиқадилар. Автобус орқали яширин йўллар билан 3 кун ичида ўз уйларига етиб олган диёнатсиз калтафахмлар ўз амакиларининг қотили эканликларидан, пул, мол-дунё орттириш мақсадида қабиҳ ишга қўл урганликларидан ачиниш, афсусланиш ўрнига, қилмишларини икковлон сир сақлаб юравердилар. 

Москвада эса ўз-ўзидан изсиз йўқолиб қолган Комилжонни яқинлари, ҳамкорлари қидириш билан овора. Кунора Ўзбекистонда яшовчи ота-онаси, синглисига қўнғироқ қилиб, уларнинг аҳволидан хабар олиб турадиган Комилжон, мана уч ойдирки на қўнғироқлашади, на хабарлашади.  Москвада унга тегишли савдо мажмуаларида хизмат қиладиган ишчилар эса, «ўтириб қолган» савдони ташлаб, мажмуаларни батамом ёпиб қўядилар... 

...Комилжоннинг жасади кўмилган ўрмон дарахтлардан тозаланиб, у ерда қурилиш ишлари бошлаб юборилади. Қурувчилар томонидан Комилжоннинг бўлакларга бўлинган жасади топилгандан кейин, бу ҳақда Россия полициясига хабар берилади. Номаълум жасад ким эканлигини аниқлаш полиция маҳкамаси учун жуда осон кечди. Ака-укалар Комилжонни бўлакларга бўлганларида, унинг эгнида бўлган кийимларини ҳам ўша қопларга солиб кўмиб юборганлар. Буни қарангки, қопдан чиққан костюм чўнтагида Комилжоннинг шахсини тасдиқловчи, Россия Федерацияси томонидан берилган паспорт ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномалари бутунлигича сақланиб қолган...

...Олиб борилган тезкор-қидирув ҳамда суриштурув тадбирлари давомида ака-ука Шуҳрат ва Шерзод Ортиқовларнинг қилмишлари фош этилиб, уларнинг ҳар бирига нисбатан суднинг одилона ҳукми ўқилди. Энди улар қолган умрларини Комилжоннинг кўмагида қурилган данғиллама, баҳаво ҳовлиларда эмас, балки, қалбида ёвузлик, разолат ўрнашиб олган қабиҳ кимсалар учун махсус қурилган, панжаралар билан ўралган «шинам» хоналарда рўшнолик кўрмай ўтказадилар.

Шу ўринда, уларни бу манфур ишга нима етаклади, деган бир савол туғилади.  

Бу - нафс балоси. Унинг гирдобига тушиб қолиб, шукроналикни унутган кишиларнинг тақдири ҳеч қачон яхшилик билан якун топмаган. Айнан шу нафс туфайли, айрим ака-укалар бир-бирига душманга айланадилар, айрим ота-ўғиллар бир-бирлари билан ўзаро  «юз-кўрмас» бўлиб кетадилар. 

Бахтиёр Рахматов, капитан
Бухоро вилояти