“Шароит плюс” ногиронлар жамоат бирлашмаси 2016 йил 29 декабрь Тошкент шаҳар Адлия бошқармасида нодавлат-нотижорат ташкилот (ННТ) сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, ўз фаолиятини бошлаган. 

Кун.уз мухбири бирлашма раиси Муҳаббат Раҳимова билан суҳбат қуриб, ушбу ташкилот фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар олди.

-  Ассалому алайкум, Муҳаббат опа, “Шароит плюс” ташкилотининг мақсад ва вазифалари нималардан иборат?

Бирлашмамизнинг асосий мақсади - Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи имконияти чекланган инсонларни ўзларига бўлган ишонч ва салоҳиятларини кучайтириш, натижада эса жамиятнинг фаол иштирокчилари бўлиб етишишларига кўмаклашиш. Ушбу мақсадга эришиш учун Устав фаолиятимизда бир нечта вазифалар батафсил кўрсатиб ўтилган. 

-  Сизнинг ташкилотингиз қандай ижтимоий хизматларни кўрсатади? Ушбу хизматлар кимлар учун мўлжалланган?

- Тренинг, семинар, мастер класслар ўтказиш ва “шерик маслаҳати” деб номланган индивидуал маслаҳат бериш орқали биз уйда ўтириб қолган ва айрим вазият туфайли маънавий жиҳатдан жамиятдан ажралиб яккаланиб қолган имконияти чекланган инсонларга ёрдам беришга ҳаракат қиламиз. Бундай одамлар ўзларига бўлган ишонч йўқлиги, салбий муносабат ва инфратузилма билан боғлиқ тўсиқлар борлиги сабабли ўзлариниг тўрт деворидан чиқа олишмайди. Бундан ташқари, имконияти чекланган болалар ва ўсмирларнинг ота-оналари кўп ҳолларда бунга ўзлари айбдор бўлиб қолишади, чунки улар ўз болаларига қандай қилиб ёндашув топишни билишмайди ва кўчага чиқаришмайди. Кўчага чиқиш бола учун хавфли бўлиши, унинг устидан бошқалар кулиши ва оқибатда эса, уйда ўтириш барчасидан афзал эканини таъкидлаб ҳам ўтишади.  Мен туғилганимдан бери биринчи гуруҳ ногирониман ва шундай вазиятларни ўзим бошимдан кечирганман.  

-  Бизни ташкилотингизнинг ўзига хос номи катта қизиқиш уйғотди, у нимани англатади?

“Шароит” сўзи ўзбек тилида кўп маънога эга бўлиб, бизнинг ҳолатимизда имконияти чекланган инсонлар учун керакли бўлган шароитларни англатади. “Плюс” эса ушбу шароитларни улар учун янада яхшилаш, деган маънони беради. Шароитлар ҳар хил бўлиши мумкин, лекин биз асосан имконияти чекланган инсонлар учун қулай атроф-муҳит, яъни инфратузилма билан боғлиқ шароитларни назарда тутамиз. “Ногирон” сўзи ўзбек тилида асосан инсоннинг тана функцияси чекланишига эътибор қаратгани сабабли, бирлашмамиз аъзолари янги иборани кашф этишди – “шароити чекланган инсон”. Бизнинг ҳаётий тажрибамиздан келиб чиққан ҳолда ўйлаймизки, инсонни биринчи навбатда, унинг ногиронлиги чеклантирмайди, балки унга керакли бўлган шароитларни йўқлиги ва жамиятнинг салбий мунособати чеклаб қўяди.

- Ташкилотингизнинг рамзий белгиси нимани англатади?

- Рамзий белги бирлашмамизнинг асосий мақсадини ўзида акс эттиради – барча учун тўсиқлардан ҳоли ва инклюзив жамият яратиш! Агар аҳамият берган бўлсангиз, рамзимиз турли тоифадаги имконияти чекланган шахслар учун зарур шарт-шароитларни ифодалайдиган кўк, яшил, сариқ, тўқ сариқ “пазл” (мозайкалардан) иборат, яъни кўк пазл ичида кар-соқов ва заиф эшитувчи шахслар учун ўзбек имо-ишора тили, яшил пазл ичида жисмоний имконияти чекланган шахслар учун махсус йўлакча (пандус), сариқ пазл ичида кўзи ожиз ва заиф шахслар учун олти нуқтали Брайль ёзуви, тўқ сариқ пазл ичида барча учун ва айниқса, ақлан заиф ёки ўқишда имконияти чекланган шахслар учун таълим жараёни тасвирланган. Охирги қизил пазл эса жамиятимизни ифодалайди. Ҳар бир пазл ўзига ҳос шакли ва рангга эга бўлиб, жамиятимизда турли шахслар борлигини ифодалайди ва улар бир-бири билан қўшилгандагина барча учун тўсиқлардан ҳоли ва инклюзив жамият пайдо бўлади. 

- Ўзбекистон, жумладан, Тошкент шаҳрида ногиронлар жамоат бирлашмалари ва уларга ёрдам бермоқчи бўлган ташкилотлар бор. Сизнинг ташкилотингиз ушбу соҳада фаолият юритиб  келаётган ННТлардан нимаси билан фарқ қилади?

- Бизнинг асосий фарқимиз шундаки, биз бошқа жамиятлардан фарқли ўлароқ турли тоифадаги имконияти чекланган болалар ва вояга етган шахсларга ижтимоий ҳизматлар кўрсатамиз, яъни мисол учун фақатгина жисмоний имконияти чекланган инсонлар учун ёрдам бериш билан кифояланмаймиз. Иккинчи фарқли томони, уларни салоҳиятини кучайтириш орқали ўзларига “Жамият мен учун нима қилиб бера олади?” деган саволни эмас, балки “Мен жамият учун нима қилиб беришим мумкин?” деган саволни беришларига кўмаклашамиз. Бошқача айтганда, биз “тайёр балиқ” бермаймиз, балки “қармоқ” тақдим қилиб, “балиқ тутишни” ўргатамиз – бу эса имконияти чекланган инсонларни қўллаб-қувватлашнинг умуман бошқача ёндашуви. Хайрия қилиш – бу яхши иш, бироқ хайрияни ҳам имконияти чекланган инсонлар мустақил ва тўлақонли ҳаёт кечиришлари учун тўғри йўналтириш керак. 

- Муҳаббат опа, мазмунли суҳбат учун раҳмат. Бугун биз шаҳримизда фаолият олиб бораётган яна бир ажойиб ташкилот ҳақида кўп маълумотларни билиб олишга муваффақ бўлдик. “Шароит плюс”нинг келгусидаги хайрли ишларига улкан зафарлар тилаб қоламиз.

- Раҳмат