Аввал хабар берганимиздек, 12 май куни Озарбайжон пойтахтидаги Олимпия стадионида IV “Ислом бирдамлик ўйинлари”нинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Маросимда анъанага кўра, мусобақада иштирок этаётган барча мамлакатлар делегацияси иштирок этди. “Ислом бирдамлик ўйинлари”да 103 нафар ҳамюртларимиз спортнинг 15 та турида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишади. Кечаги тантанали маросимда уларнинг аксарияти Олимпия стадиони бўйлаб мамлакат байроғини баланд кўтарган ҳолда юриб ўтишди. Байроқдор вазифасини эса бокс бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, Сингапурда бўлиб ўтган ўсмирлар олимпиадаси совриндори Сардор Бегалиев бажарди. 

Фото: Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси
Фото: Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси

Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизматининг хабар қилишича, кеча теннис бўйича қизлар терма жамоамиз дастлабки учрашувни мусобақа мезбонлари – озарбайжонлик рақибларига қарши ўтказишди. Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Сабина Шарипова Умайра Ҳошимовани иккала сетда бир ҳил 6:1, 6:1 натижаси билан таслим қилган бўлса, Камола Умарова Алина Гавриш устидан 6:2, 6:0 ҳисобларида зафар қучди. Жуфтлик баҳсларида эса Камола Умарова/Полина Меренкова жуфтлиги Ҳошимова/Сафарова жуфтлигини иккала сетда 6:2 ва 6:0 ҳисобларида мағлуб этишди. Натижада уччала баҳс якунига кўра мезбонлар устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган теннисчи қизларимиз кейинги босқичга йўлланма олишди. 

Фото: Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси

Эркаклар терма жамоаси эса илк баҳсда Туркманистон терма жамоаси билан куч синашди. Саидаъло Саидкаримов рақиби Георгий Почайга дастлабки сетни 3:6 ҳисобида бой берган бўлса, кейинги икки сетда 6:4, 7:5 ҳисобларида ғалаба қозонди ва учрашувни ўз фойдасига ҳал қилди. Яна бир теннисчимиз Сергей Фомин эса афсуски Юрий Рогусскийга ютказиб қўйди. Сетлар бўйича ҳисоб 2:6, 6:4, 4:6. Натижада туркманистонлик теннисчилар ҳисобни тенглаштириб олишди. Ўзбекистон ва Туркманистон терма жамоалари ўртасидаги баҳс тақдирини ҳал қиладиган жуфтликлар ўртасидаги бахс Бокудаги ноқулай об-ҳаво шароити туфайли ўтказилмай қолди. Ушбу учрашув бугун бўлиб ўтади. Унда Саидкаримов/Султанбеков жуфтлиги Рогусский/Гурбанов жуфтлига қарши кураш олиб боради. 

Фото: Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси

Кеча шунингдек, бадиий гимнастикачиларимиз ҳам баҳсларни бошлаб беришди. Анастасия Сердюкова, Нуриниссо Усмонова ва Сабина Ташкенбаевалар кеча копток ва халқада бажарилган машқлар натижасига кўра финал босқичига йўлланма олишди. Ҳозирча қизларимиз Озарбайжон терма жамоасидан сўнг иккинчи ўринда боришмоқда. Финал баҳслари бугун бўлиб ўтади. 

Фото: Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси

Боксчилардан кеча фақатгина Улуғбек Дўсмуродов рингга кўтарилди. 60 кг. вазн тоифасида қайд этилган ҳамюртимиз илк жангини қатарлик Эркесар Хаканга қарши ўтказиб 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва кейинги босқичга йўлланма олди. Бугун яна уч нафар боксчилар дастлабки беллашувларини ўтказишади. 56 кг. вазн тоифасида Абдулҳай Шораҳматов қозоғистонлик Нурбол Калжановга, 75 кг. вазнда Маҳмуд Гаипов жазоирлик Аззуз Будиага, 81 кг. вазн тоифасида эса Мадиёр Саидраҳимов мисрлик Абдулраҳмон Абдулгаввадга қарши кураш олиб боришади. 

Бугун шунингдек, дзюдо, пара-дзюдо, ўқ отиш, каратэ ва спорт гимнастикаси бўйича мусобақалар бошланади.