Қирғизистон жанубида жойлашган Жалолобод вилояти Авлетим қишлоқ округида тоғ дарёларида сув сатҳи кўтарилиши сабабли фавқулодда ҳолат тартибини жорий қилди. Бу ҳақда мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди

«11-12 май кунлари ҳаво ҳарорати кескин кўтарилгани ҳамда тоғларда қорнинг эриши сабабли дарёларда сув миқдори кўтарилди. Шу билан Байкашка-Терек ва Орол қишлоқларида сув тошқинлари хавфи ошди. Бундан ташқари, Чон-Тош қишлоғидаги автомобил кўпригининг ўнг томонини сув юва бошлади. Бу кўприк орқали 67 хўжаликка борилади. Юқорида қайд этилган ҳолат муносабати билан Авлетим қишлоқ округида фавқулодда вазият тартиби жорий қилинган», — дейилади хабарда. 

Сув тошқини таҳдиди туфайли 15та уйда истиқомат қилувчи аҳоли кўчирилган. ФВВ мутахассислари маҳаллий ҳокимият билан бирга дарё қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини олиб бормоқда.