Тадқиқотчи Мэтт Траудт Tor аноним тармоғидаги “энг тўла ва бефойда ресурслар рўйхати”ни тузиб чиқди. Унга интернетнинг ёпиқ сегменти манзилларида ишлатилувчи турли белгиларнинг эҳтимолий бирикмалари ҳам киритилган, деб хабар бермоқда Fossbytes нашри.

Тадқиқотчи “қоронғи” сайтларнинг ҳақиқий кўламини баҳолаш мумкин эмас, деган фикрни рад этишга қарор қилган. Траудт шунчаки ҳарфлар ва рақамларнинг тасодифий йиғиндисидан фойдаланди, улар onion-макондаги ресурсга етаклаши мумкин эди. Яратилган рўйхатдаги манзилларнинг кўпчилиги реал сайтга эга эмас ва бефойдадир.

Рўйхатда 1 208 925 819 614 629 174 706 176 сайт (септиллиондан кўпроқ) бор. Тадқиқотчининг ўзи лойиҳани “коинотдаги энг узун ва бефойда onion-картотека” деб атайди.

Шунингдек Траудтнинг таъкидлашича, “қоронғи” интернетдаги сайтларни бир неча тоифага бўлиб чиқиш жуда қийин, сабаби уларнинг аксарияти худди пайдо бўлгандек каби, тезлик билан йўқолади. Унинг фикрича, рўйхат фойдали бўлмаслиги мумкин, бироқ Tor’даги сайтлар ҳажми ҳақида эҳтимолий тасаввур уйғотади.