Тошкент шаҳрида қидирувда бўлган шахслар ушланди, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси.

Маълум бўлишича, 2017 йилнинг 19 апрель куни номаълум шахслар, Олмазор туманида жойлашган “Саламон” тўйхонаси ёнида талончилик жинояти содир этганлар ҳамда 2017 йилнинг 29 апрель куни соат 22.00 ларда ўзганинг мол-мулкини очиқдан-очиқ талон-тарож қилиш мақсадида, Шайхонтоҳур тумани, Жар-ариқ мавзесида жойлашган «Узумзор» тўйхонасининг қаршисида 1962 йилда туғилган, нафақахўр, Юнусобод туманида яшовчи фуқаронинг бўйнидаги нархи 5.580.000 сўмлик тилладан ишланган занжирини юлиб олиб, воқеа жойидан яширинганлар.

2017 йил 14 май куни Тошкент шаҳар ИИББ ва Шайхонтохур тумани ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда юқоридаги Шайхонтохур ва Олмазор туманларида содир этилиб, очилмай қолган талончилик жиноятларини фош этиш мақсадида олиб борилган тезкор-қидирув тадбири давомида 1989 йилда туғилган, муқаддам бир неча маротаба судланган, Шайхонтоҳур тумани, Жалолобод кўчаси 51-уйда яшовчи Олимжон Равшанович Азимов, 1993 йилда туғилган, муқаддам судланган, Олмазор тумани Нурафшон кўчаси 3-уй 8-хонадонда вақтинчалик яшовчи Собиржон Мирфайзи ўғли Ахмедов, 1990 йилда туғилган, Олмазор тумани, Ниязова кўчаси 2-уй 7-хонадонда яшовчи Азизжон Ахмеджанович Ахраров, 1991 йилда туғилган, Олмазор тумани, 3-берк Қизил-тут кўчаси 52-уйда яшовчи Шерзод Ўлмас ўғли Мирзабековлар аниқланиб ушландилар.

Улар билан олиб борилган тезкор-суриштирув ишлари давомида А.А.Ахроров ўзининг бошқарувидаги оқ рангли, СПАРК русумли, давлат рақами 01 Т 064 YA бўлган автоуловда О.Р.Азимов ва С.М.Ахмедовлар билан, шунингдек Ш.Ў.Мирзабековнинг бошқарувида бўлган оқ рангли, МАТИЗ русумли, давлат рақами 10 F 174 BA бўлган автоуловда О.Р.Азимов ва С.М.Ахмедовлар билан жорий йилнинг 11 май куни соат тахминан 21.40 ларда, Шайхонтохур тумани, Қўрғонча кўчасидаги «Кўкча кошонаси» тўйхонаси олдида, 1971 йилда туғилган, Шайхонтоҳур туманида яшовчи фуқаронинг бўйнидан баҳоси 4.000.000 сўмлик тилладан ишланган занжирни талончилик йўли билан тортиб, юлиб олиб воқеа жойидан яширинганликлари аниқланган.

Ҳозирда улар билан Тошкент шаҳри ҳудудида содир этилиб очилмай қолган бошқа жиноятлар юзасидан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур гумондор шахслардан жабр кўрган фуқаролар бўлса, Тошкент шаҳар ИИББнинг «102» хизматига қўнғироқ қилиш сўралган.