Самарқанд вилояти ИИБга якка тартибда фаолият юритаётган тадбиркорлардан бири ариза билан мурожаат этди, деб хабар беради Ўзбекистон ИИВ расмий сайти.

Маълум  бўлишича, саккиз кишини иш билан таъминлаган тадбиркор фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида вилоят акциядорлик тижорат банки «Агробанк»нинг Каттақўрғон шаҳар филиалига жорий йилнинг 6, 13 февраль ва 27 апрель кунлари ўзи, онаси ҳамда турмуш ўртоғи номига чорва моллари харид қилиш учун кредит олишга ариза беради. Бироқ банк филиали раҳбари Ихтиёр Бегматов кредит ажратилишини  пайсалга солади. Барча зарур ҳужжатлар тақдим этилганига қарамасдан, аризаларни қабул қилишни ортга сураверади.

Ниҳоят, тадбиркор 27 апрель куни яна И. Бегматовнинг ҳузурига келади. Нафс қулига айланган банк раҳбари бу сафар унга кредит ажратиш учун банкнинг вилоят бошқармаси мансабдор шахсларини «рози қилиши» лозимлигини айтади. Бунинг учун 300 АҚШ доллари беришни талаб қилади. 

Буни қарангки, виждони жиғилдонга айланган И. Бегматовнинг бу жиноий хатти-ҳаракати биринчиси эмас экан. Аниқроғи, унга нисбатан ойлик маошидан қисман олиб қолиш шарти билан жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб икки йилгача раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатмаслиги тўғрисида суд ҳукми чиқарилган. Аммо вилоят акциядорлик тижорат банки «Агробанк»нинг мансабдор шахслари И. Бегматовни раҳбарлик лавозимидан озод этмасдан, у банкнинг Каттақўрғон шаҳар филиали бошлиғи лавозимида ўз фаолиятини давом эттиришига имкон яратиб беришган.

«Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас» деганларидек, И. Бегматов яна такроран жиноятга қўл урди. Жорий йилнинг 27 апрель куни ўтказилган тезкор тадбир чоғида эса 300 АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора сифатида олаётган вақтда қўлга олинди. Ҳозирги пайтда мазкур жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.