Android дастурий тизимининг янги намунаси Google компаниясининг анъанавий I/O анжуманида намойиш этилди. Тақдимот маросими Google’нинг YouTube каналида жонли эфирга узатилди. 

Ишлаб чиқарувчилар янги Android О дастурий таъминотида оптималлаштиришга катта эътибор қаратган, хусусан, иловалардаги трафик ва маълумотларни GPS орқали  юбориш, фон тартибида ишга тушириш қисқариши мумкин. 

Янги функциялардан яна бири picture-in-picture (сурат ичида сурат) бўлиб, у қурилма экранида бир вақтнинг ўзида иккита илова билан ишлаш имконини беради. Бундан ташқари, хабарнома функцияси тўлдирилган. Илова ёрлиғи кўпроқ босиб турилса, янги хабарни кўриш мумкин бўлади. 

Иловалар дўконига, шунингдек, зарарли дастурларга қарши курашувчи илова киритилган. 

Шу билан бирга, янги дастурий таъминотнинг якуний номи ва унинг қачон фойдаланишга чиқарилиши маълум қилинмади.