«Луганск халқ республикаси» раҳбари Игорь Плотницкий Тан олинмаган давлатлар иттифоқини ташкил этиш ҳақида таклиф киритди. Унинг фикрича, бу шундай ҳудудий тузилмаларнинг иқтисодий ва сиёсий муаммоларини ҳал қилишда ёрдам беради, деб хабар бермоқда «Новороссия» агентлиги.

«Балки, ўзимизнинг – Тан олинмаган давлатлар иттифоқини яратиш ҳақида ўйлаб кўриш лозимдир? Сабаби биз биттасида яшамоқдамиз – ҳа, бизга жуда қийин, лекин бизни тан олишмаса, бир-биримизни тан олишимиз, бирлашишимиз ва ўзимизнинг сиёсий, иқтисодий масалаларимизни ҳал этишимиз керак эмасми?», - деган Плотницкий.

Унинг қўшимча қилишича, «Бизнинг халқлар бизга бунинг учун ҳуқуқ берди. Нима учун ундан фойдаланмаслигимиз керак?». Плотницкийнинг сўзларига кўра, «ЛХР», «ДХР», Абхазия ва Жанубий Осетия каби тан олинмаган давлатларда кишилар яшашмоқда, ишлашмоқда ва бахтли ҳаёт кечиришга интилишмоқда. «Бизни тан олишни исташмаса, ҳаёт бу билан якун топмайди. Келинг, битта оддий принципни қиламиз – саъй-ҳаракатларни бирлаштирамиз», - дея хулоса қилган «ЛХР» раҳбари.