«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси 18 май куни Тошкент—Рига—Нью-Йорк—Тошкент йўналишида Boeing 787 Dreamliner самолётида илк парвозни амалга оширди. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати хабар бермоқда.

Самолёт маҳаллий вақт билан соат 04-40да Тошкент халқаро аэропортидан ҳавога кўтарилиб, белгиланган манзилларга муваффақиятли қўнган.

Самолётда 238 нафар йўловчи бўлиб, улардан 59 нафари Ригада қолган, яна 179 киши Нью-Йоркка парвозни давом эттирган.

Йўловчилар янги Boeing-787 Dreamliner лайнерида мавжуд бўлган барча қулайлик ва хизмат кўрсатишни юқори баҳолашган.

Boeing 787 самолётларининг мазкур йўналишда эксплуатация қилиниши йўловчиларга Ригага 20-30 дақиқа, Нью-Йоркка эса бир соат олдин етиб бориш имконини берди. 

Нью-Йоркка Dreamliner’да учиш вақти 12 соатни ташкил этади, Тошкентга қайтиш эса 11 соат вақт олади.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Boeing 787 Dreamliner самолётларининг тижорий эксплуатациясини ўтган йилнинг сентябрь ойидан бошлаганди. Бугунги кунда улар орқали Дубай, Истанбул, Тель-Авив, Сеул, Франкфурт, Москва, Куала-Лумпур ва Сингапур шаҳарларига қатновлар муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Шу йил 27 июлида эса миллий авиаташувчи илк марта «Орзу лайнери»да Тошкентдан Нью-Йоркка тўғридан-тўғри узлуксиз парвозни бажаради. Шунингдек, миллий авиакомпания Рига орқали АҚШга ҳафтасига бир марталик қатновларни сақлаб қолади.