2016 йил охирларидан Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш мавзуси кенг муҳокама қилинмоқда. Шу ўринда, таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда кўплаб археологик, табиий диққатга сазовор жойлар кўп. Бироқ, уларнинг аксарияти турли сайёҳлик қўлланмалари ва хариталарда акс этмайди ё бўлмаса кам эътибор берилади. Коммерсант.uz сайти Ўзбекистоннинг 19та must-visit (бориш шарт) масканларини ўқувчилари эътиборига ҳавола қилган. 

1. Хўжа Гур-гур ота мавзеси

Фото: Facebook/@mysteriouzb

Бу мавзе Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида жойлашган. Бу ерда кўплаб қизиқ жиҳатларга дуч келиш мумкин: бу ерда экстремалларни 500 метрлик тик қоя, чуқур канъонлар, динозаврларнинг тошга айланган излари ва баландлиги 3700 метрга етувчи қоялар кутмоқда. 

Унга Бойсун томондан икки йўл орқали бориш мумкин: биринчиси — Олачопон, Қайроқ ва Дубола қишлоқлари орқали, иккинчиси — Дарбанд дараси орқали Мачой, Қизил Наур ва Кентала қишлоқларидан ўтиб борилади. 

2. Майданак баланд тоғ обсерваторияси

Фото: Facebook/@mysteriouzb

Майданак тоғли обсерваториясига 1970 йилда Шаҳрисабз шаҳридан 45 км жанубда жойлашган Майданак платосида асос солинган бўлиб, у Шимолий ярим шардаги энг яхши обсерваториялардан бири ҳисобланади. Бу ерда 4та комета, 80дан ортиқ астероид, янги Самарқанд номи берилган митти сайёра кашф қилинган. Обсерватория жойлашган жой шунчалик сокинки, кўпчиликда товушли галлюцинациялар кузатилади. Юлдузлар жуда ҳам яқин кўринганидан, Катта айиқ юлдузларига қўл узатса етгудек таассурот уйғотади. 

3. Мўйноқдаги кемалар қабристони

Фото: Instaram/@otabek_mirsagatov

Баъзан соф ниятлар аянчли оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин. Орол денгизи ва унинг соҳилида барпо этилган Мўйноқ шаҳри тақдирини ушбу фикрга исбот дейиш хато бўлмайди. Инсон омили туфайли қачонлардир гуллаб-яшнаган минтақа саҳрога айланди. Денгиз ўрнида қаққайиб турган кемалар табиатга қанчалик жиддий зарар етказилганига намунадир. 

Мўйноққа Нукус шаҳри орқали борилади. Шаҳар орасидаги масофа 220 км. Нукусдан Мўйноққа эрталаб автобус ҳам йўлга чиқади. Сўнгги автобус кундузи соат 3ларда ортга қайтади. Албатта, енгил автомобилда борган яхшироқ.

4 И. В. Савицкий номидаги Давлат санъат музейи

Фото: Meros.uz

Республикадаги энг машҳур музейлардан бири бўлиб, россиялик авангард рассомнинг дунёдаги иккинчи энг йирик тўплами Нукус шаҳрида жойлашган. 1966 йилда рассом ва санъатшунос Игорь Савицкий шаҳар ҳокимиятини бу ерда музей ташкил этишга ишонтиради. Шу мақсадда унга бино берилиб, ўзи директор сифатида тайинланади.  Бугунги кунда музейдаги экспонатлар сони 90 мингга яқиндир. 

5. Дарбанд дараси

Фото: Facebook/@mysteriouzb

Сурхондарёнинг Бойсуни чеккаларида Дарбанд дараси жойлашган. «Дарбанд» тожик тилидан таржима қилинганда «ёпиқ эшик» маъносини англатади. Бу ерда истқомат қилувчи аҳоли дарага олиб борувчи йўлни сақлаб қолишган. Дарага шундоққина кираверишда бир вақтлар қамоқ вазифасини бажарган Зиндонак бор. Йўл узра давом этилса Хўжамой-ота зиёратгоҳига борилади. Унинг яқинида Каптархона деб номланувчи кабутарлар водийси бўлиб, унда минглаб қушлар яшайди.

6. Шаҳрисабз Оқсаройи

Фото: Uzbek-Travel

Оқсарой Амир Темурнинг туғилиб ўсган шаҳри Шаҳрисабздаги қароргоҳидир. У 24 йил мобайнида қуриб битказилган. Бино атрофида унга қўшилиб кетган бир неча ҳовли бўлиб, улар атрофида тураржойлар қурилган. Сарой томида ҳовуз бўлиб, унда фаввора отилиб турган. Оқсаройнинг 300 йиллар аввал қулаб тушган арки минтақада энг йириги ҳисобланган. Айни вақтда, улкан саройда атиги 2та ёдгорлик-минора қолган. 

7. Арашан кўллари

Фото: Facebook/@mysteriouzb

Тошкент вилоятининг Қирғизистон республикаси ва Наманган вилояти билан чегарадош ҳудудда 3000 метрдан баландликда Арашан кўли жойлашган. Албатта, унга етиб бориш осон бўлмайди. Чунки, йўл баъзан Ангрен платосидаги дарага тушиб кетса, кутилмаганда тепага кўтарилади. Дастлаб кўлларнинг кичиги – Хўжа Арашан келади. Унинг чапроғида Катта Арашан кўли жойлашган. Янада баландроққа кўтарилганда, 3400 м баландликда тоғ тизмалари ортида Музли кўл яширинган.

8. Шайтон жиға ёки «Иблис дубулғаси»

Фото: livejournal/mr-shoor

Самарқанддан 30 км жанубда Илонсой ва Тахтақорача платоси жойлашган бўлиб, бир қарашда унда улкан тошлар атайлаб сочилгандек кўринади. Бу ҳолат Миронкўл булоқларидан Қоратепа қишлоғига қадар бир неча километрга чўзилган. Ҳудуднинг табиати жуда ҳам ажойиб. Йирик тошлар турли ҳайвонлар, йирик қушлар ва ёки тошга айланган улкан жонзотларга ўхшайди. Айтишларича, бу ерда ёқимсиз қувват таралади.

9. Ҳазрати Довуд ғори

Фото: SamBuh.ru

Самарқанддан 40 км жануби-ғарбдаги Оқсой қишлоғида Ўзбекистондаги энг машҳур қадамжолардан бири – Ҳазрати Довуд ғори жойлашган. Маълумки, Довуд алайҳиссалом дунёдаги уч йирик дин (яҳудийлик, насронийлик ва Ислом)да 4 муқаддас китобдан бири туширилган пайғамбар ҳисобланади. Ушбу жой нима учун айнан шундай номлангани борасида бир неча афсона бор. Улардан бирига кўра, Ҳазрати Довуд яккахудоликка ташвиқ қилиш учун ушбу минтақага йўл олган ва маҳаллий оташпарастларнинг кескин қаршилигига учраб, шу ердан бошпана топган. У қўллари билан тоғни иккига ёриб, ичига яширингани айтилади. Ғорга 1303та тепага чиқувчи ва 200та пастга тушувчи зинапоя орқали борилади. Бу ерда Ҳазрати Довудга тегишли экани айтиладиган қўл ва оёқ изларини кўриш мумкин. 

10. Нурота тоғ давлат қўриқхонаси

Фото: Facebook/@mysteriouzb

Нурота давлат қўриқхонаси Жиззах вилоятининг Нурота тизмалари марказий қисмида жойлашган. Бу ерда табиатнинг турли хил гўзал манзараларидан ташқари Нурота тизмалари ҳам киши эътиборини тортади. Қадимги петроглифлар, минг йиллик тарихга эга шарқий Биота (Мажрум сойи), Фозилман кўли, Ашроф, Ҳаёт, Ухум, Сентобсой қишлоқлари 10-11 асрларга хос Хонбанди тўғони ҳам кишини ўзига ром этади. Бу ерда табиат гўзаллиги ва қадимги ёдгорликлар уйғунлашиб кетган.  

11. Жарақудуқдаги «тошли ўрмон» 

Фото: Livejournal/sibved

Қачонлардир бу ерда денгиз бўлган. Эндиликда у ерда турли ҳайвонлар қолдиқларига дуч келинади. Уларга кўра, айтиш мумкинки, Ўзбекистон ҳудудида ҳам қачонлардир динозаврлар, тимсоҳлар бўлган, денгизларда акула ва скатлар сузиб юрган. Қизилқум саҳроси ҳудудида бир вақтлар дунё океани мавж урганига ишониш қийин албатта. Бундан ташқари, қадимги ўрмон қолдиқлари ҳам кўзга ташланади. Агар сиз қадимги балиқлар, амфибиялар, судралиб юрувчилар, қушлар ва бошқа сут эмизувчи ҳайвонлар қолдиқларига қизиқсангиз, бу ер айнан сиз учун экани аниқ. 

12. Қуруқсой манзили

Фото: Kommersant.uz

Қуруқсой ҳам тоғли манзил бўлиб, Қашқадарё вилоятида, Жизмонсой қишлоғи яқинида жойлашган. Бу ерда тош асрига тегишли ибодатхона мавжуд бўлиб, уни маҳаллий аҳоли Сийпантош деб аташади. Сийпантошнинг силлиқ юзаси ва ён-атрофдаги тошларга ёввойи отлар, кулонлар, бўри, тулки ва туяларнинг сурати туширилган. Ов манзаралари кейинги даврларга тегишли эканини таъкидлаш жоиз. 

13. Бухоро амири саройи

Фото:  images.esosedi.ru

Сарой қурилиши Бухоро амири Саид Абдулаҳадхон буйруғи асосида Бухоро шаҳридан 12 км шарқдаги Когон шаҳрида 1895 йилда бошланган. Уни ўша вақтдаги машҳур россиялик архитектор Алексей Бенуа лойиҳалаштирган. Қаср Мавритания услубида барокко, ампир ва араб усуллари уйғунлашган ҳолда барпо қилинган. Кейинчалик, Амир Олимхон Бухорога келган юқори лавозимли меҳмонлар учун қароргоҳ сифатида фойдаланган. Бугунги кунда бу ерда Темирйўлчилар маданият саройи фаолият юритади 

14. Қува шаҳри

Фото: Meros.uz

Қува шаҳри тарихи эрамиздан аввалги 4-3 асрларга бориб тақалади. Археологик топилмалар фикримиз далилидир. Қува Фарғона вилоят марказидан 20 км масофада жойлашган. Қачонлардир бу ерда ҳунармандларнинг йирик савдо қўрғони бўлган. 

15. Ўрунғоч кўли

Фото: Facebook/@mysteriouzb

Тоғнинг баланд тизмаларида жойлашган кичик Ўрунғоч кўли Ўзбекистоннинг Угом-Чотқол миллий парки ҳудудида Тошкентдан 150 км узоқликда жойлашган. Юқори Ўрунғоч кўли янада баландроқда бўлиб, унга 4 км пиёда йўл юриш керак бўлади. У кичик кўлдан фарқли равишда ҳеч қачон қуримайди. Юқори кўл тиниқ мовий тусда бўлиб, ҳажми бўйича кичигидан икки карра йирикдир. У денгиз сатҳидан 1227 метр баландликда жойлашган. 

16. Миздохкон қабристони

Фото: Centralasia-treavel.com

Миздохкон (эр.ав.IV аср — эр.XIV асри, XVII — XX асрлари) Қорақалпоғистоннинг Хўжайли шаҳридан 3-4 км жанубда жойлашган. У Марказий Осиёдаги энг қадимги қабристонлардан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, шаҳарга Олтин ўрда ҳукмронлиги вақтида асос солинган.

17. Қуёш физикаси Институти

Фото: Pixland/Павел Ким

Қуёш физикаси Институти Тошкент вилояти Паркент тумани «Қуёш» қўрғонида жойлашган. Мажмуа экологик тоза ҳудудда жойлашган бўлиб, бу ерда қуёшли кунлар 280 кунни ташкил этади. Бундай иншоот дунёда иккита бўлиб, яна бири Францияда жойлашган. 

Қуёш лаборатория 3та иншоотдан иборат: қуёш энергияси концентратори (10 700 ойнадан иборат), гелиостатлар мажмуи (62та бошқарилувчи, 195та кичик, умумий ҳисобда 12 090та ойна), технологик минорадан иборат. 

Авваллари бу бино ҳарбий мақомга эга эди. Бу ерда космик қурилмаларнинг сиртқи қопламалари ва ҳарбий техникалар синовдан ўтказилган. Бугунги кунда Институтда назарий ва тажрибавий тадқиқотлар ўтказилади. Қуёш узра кўп мақсадли кузатувлар олиб борилади. Институтда, шунингдек, тиббиёт, нефтгаз ва тўқимачилик саноати учун ишланмалар амалга оширилади. 

18. Пойи Калон ансамбли

Фото: Paganel.tv

Ажойиб ва улуғвор Пойи Калон ансамбли қурилиши 12-16 асрларда олиб борилган бўлиб, Регистон Самарқанд учун қандай аҳамиятга эга бўлса, у Бухоро учун шундай аҳамиятлидир. Майдонда юксак Минораи Калон бор. Унинг юқорисидан шаҳар гўзаллигидан баҳра олиш мумкин. У Бухоронинг қадимги минораларидан бири бўлиб, баландлиги 47 метрни ташкил этади. Унинг ёнида машҳур Мир-Араб мадрасаси, Калон масжиди ва Амир Олимхон мадрасаси барпо этилган. Бу ансамблни кўрмаган киши Бухорога келганини иддао этмаса ҳам бўлади. Албатта, Минораи Калонни шаҳарнинг турли бурчагидан кўрмасликнинг иложи йўқ. 

19. Ичанқала қалъаси

Фото: Paganel.tv

Ичанқала Хивадаги энг қадимги қалъа ҳисобланади. Унинг майдони 1 кв.км.ни ташкил этади. Бугунги кунда очиқ осмон остидаги музейда 300га яқин оила истиқомат қилади. Ичанқала Марказий Осиёнинг Жаҳон мероси рўйхатига биринчи киритилган ёдгорлигидир. Шаҳар 10 метр баландликкача барпо қилинган тишли деворлар ва мудофаа миноралари билан қуршаб олинган. Бизнинг кунгача 4та минорадан учтаси ҳамда 400га яқин анъанавий уйлар ва хўжалик бинолари сақланиб қолган. 60дан ортиқ  архитектура ёдгорликларини ҳам кўриш мумкин. Улар орасида Қўҳна Арк, Таш Ҳовли саройи мажмуаси, Калта-Минор, машҳур 213та устунли Жума масжид, Саид Оллоуддин мақбараси, Шерғозихон мадрасаси, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, гумбазлар билан ёпилган улкан бозор, Хиванинг тимсоли бўлиб қолган Исломхўжа минораси шулар жумласидан. Айтиш мумкинки, Хивага келган сайёҳ ўзини ўрта асрларга тушиб қолгандек ҳис қилиши шубҳасиз. 

Манба: Коммерсант.уз