Танишим қўнғироқ қилиб қолди. Ишхонангизда бўласизми, сизга зарур ишим бор эди, деди. У келди. Бироз кайфияти тушкун, қандайдир муаммони ҳал эта олмай юргани юз-кўзида сезилиб турарди. У бироз нафас ростлагач, гап бошлади.

- Шу десангиз жиянингиз бу йил коллежни битираяпти.

- Табриклайман, фарзандингизнинг камолга етганидан қувонмайсизми, нега хафа кўринасиз?

- Ўғлимнинг коллежни битирганидан жуда хурсандман, аммо шу бир муаммо жуда қийнаяпти-да. Тўрт томонлама шартнома тузиш керак, шу бўлмаса, коллеж директори диплом берилмайди, деяпти.

- Бу муаммо эмас-ку! Ўғлингиз амалиётга чиққан, тўғрими, ўша ташкилотда ўзини кўрсатса, ишга олишади. Шуям муаммоми?

- Худди ўзингизни билмаганга оласиз-ей, амалиёт эмиш. Қанақа амалиёт? Ўғлим ўқиган коллежда амалиётга юборилади, аммо бу қоғозда акс этади, холос. Амалда йўқ амалиёт.

- Бу деганингиз нимаси? Ўзи шу жараён билан танишмисиз?

- Таниш бўлганда қандоқ, ўғлим амалиёт пайтида ҳеч қаерга боргани йўқ. Ҳеч ким сўраганиям йўқ. Бир фирмадан муҳр бостириб берганман. Энди шу фирмага ишга олиш бўйича муҳр босиб беринг, десам у тутақиб кетди. Ишга олиш учун буйруқ беришим керак, буйруқ бергандан сўнг, меҳнат дафтарчасида қайд этиш зарур. Иш ҳақи ёзишим ҳам талаб этилади, буёқда солиқ тўлаш, қўйинг, бошимни оғритманг, мен бундай ишларни қила олмайман, деди.

- Буёғи қизиқ бўлди-ку! Ўзи тўрт томонлама шартнома учун ким масъул?

- Ким масъуллигини билмайман-у, бу масалаларни коллеж раҳбарлари ҳал этиши керак, буям биз ота-оналар зиммасида қолиб кетаяпти. Сиздан илтимос, битта корхона раҳбари билан гаплашиб беринг, ишга олмасаям майли, муҳр босиб берса бўлди...

Кошки эди бир муҳр билан иш битса. Олдимда нажот истаб турган она эса фарзанди камоли, эртаси учун шу ишни қилиш зарур, деб ҳисоблайди. Аслида фарзанди келажаги учун куюнчаклик яхши фазилат. Аммо қани бундай ишлар қонуний ҳал қилинса. Хўш, қонуний ҳал этилиши учун ким тўсқинлик қилаяпти, тўғрироғи ким лоқайдликка йўл қўяяпти?

Шартномага имзо қўювчилар

Биринчи тараф: Назаримда биринчи тараф бу коллеж. Коллеж раҳбари ўқувчини 3 йил давомида ўқитди, илм берди, касб ўргатди. Ўргатган касбини қайсидир корхонада амалиётда синовдан ҳам ўтказди. Битирувчи яхши мутахассис сифатида ўзини кўрсата олдими ёки йўқ бу кейинги мавзу. Лекин коллеж раҳбарлари 3-босқични битирган ҳар бир ўқувчининг иш билан банд этилишида масъул этиб белгиланган. Бу ерда тайёрланган кадрларнинг нўноқ ёки етук эканлиги назарга олинмайди. Мақсад – ҳар бир битирувчи тўрт томонлама шартномани имзолаши шарт. Шартномани имзолаш жараёни эса ҳеч қачон тўрт тараф билан ҳамкорликда ҳал этилмайди. Ҳатто қайсидир тараф бошқа бир тарафни кимлигини танимайди ҳам. Аммо тўрт томонлама шартномада уларнинг исм-фамилияси ва имзоси ёнма-ён туради.

Энг ачинарли жиҳати эса, юқоридаги каби тўрт томонлама шартномани гуруҳ раҳбари битирувчи қўлига беради. “Иш берувчи топ, у муҳр боссин, буйруқ чиқарсин, меҳнат дафтарчасида қайд этсин, аксинча, сен диплом ололмайсан”, дейди. Хўш, қўлидаги шартномани ўқувчи нима қилади? Албатта, отасига ёки онасига олиб боради. Шу тариқа муаммолар устига муаммо пайдо бўлаверади.

Иккинчи тараф: Бу - иш берувчи. Иш берувчи амалиёт пайтида ўзини кўрсатган 2 ёки 3 нафар, борингки, 4 нафар битирувчини ишга қабул қилиши мумкин. Қолганлари-чи? Улар қаёққа боради? Улар ҳам иш берувчидан илтимос қилишади: мениям ишга олинг... Қандай олсин, унда иш ўрни йўқ, борлари банд этилган-да. Шунчаки муҳр босиб бериб бўлмаса, нима қилиш керак? Иккинчи тараф бу битта ташкилот эмас, балки коллеж битирувчисини ишга қабул қилувчи бир нечта ташкилотлардир. Уларнинг кўпчилиги коллеж билан ҳамкорлик қилишмаган. Қилишган бўлишса ҳам олдинги йили юқорининг топшириғи билан 2-3 нафар битирувчини ишга олган. Бу йил имконияти йўқ бўлса, нима қилсин? Аммо ҳар бир битирувчи иш билан банд этилиши шарт.

Коллеж директорининг ишлаб чиқариш таълими бўйича ўринбосарининг гапларига кўра, бу йилги 300 нафарга яқин битирувчининг аксарияти тўрт томонлама шартномани имзолаб бўлишган. Қандай қилиб, деган савол туғилиши табиий. Ўринбосар эса бунга, “ана, ҳужжатлари турибди, муҳри босилган, буйруғи чиққан”, дейди қувончини яшира олмай. Уларнинг ҳаммаси ўша ўзлари шартнома тузган корхонада ишлаб кетишадими, деган саволимга ўринбосар жўяли фикр айта олмади. “Мен ҳамма ҳужжатларни тўғрилаб қўйганман, уёғи билан ишим йўқ, юқори идоралардан келган текширувчилар ҳам буни сўрагани йўқ, қоғозни кўришди ва менга раҳмат айтишди”, дейди у. Хўш, қоғозда бор-у, амалда йўқ шартномаларнинг кимга кераги бор?

Учинчи тараф: Учинчи – энг муҳим тараф бу туман ҳокимидир. Аслида ҳар бир туманда ўртача 2000 нафар ўғил-қиз коллежни битираётган бўлса, уларнинг ҳаммаси билан тузилаётган тўрт томонлама шартномага туман ҳокими имзо қўяди. Шунчаки имзо қўйиш билан иш битмайди-ку! Бу борада масъулият ҳам бўлиши керак. Туман ҳокимида икки карра масъулият юки бор. Бу шартномага имзо қўйиб, битирувчининг ишли бўлишини таъминлаш. Иккинчи масъулият эса туманда иш ўрни яратиш бўйича иш олиб бориш. Агар шартномадаги шартлар уддаланмаса, қоғозда қолиб кетса, бунда кўпроқ жавобгарлик ҳоким зиммасига юкланади.

Энди юқоридаги коллеж мисолида туман ҳокимининг шартномага муносабатини бир кўриб чиқайлик. Туман ҳокими тумандаги битирувчилар билан коллежларга бориб, тўрт томонлама шартнома бўйича учрашувлар ўтказдими? Битирувчиларнинг фикри билан қизиқдими? Уларнинг тадбиркорликка иштиёқини ошириш, банкдан кредит расмийлаштириш бўйича юзма-юз мулоқот олиб бордими? Бундай учрашув ва мулоқотларга туман ҳокими вақт топа олгани йўқ. Демак тўрт томонлама шартномага фақат имзо қўйиш эса нафақат туман раҳбарининг ҳамманинг ҳам қўлидан келади. Кошки эди, фақат имзо билан иш битса. Ҳозирги кунда тузилаётган тўрт томонлама шартномалар номига, фақат қоғозда қолиб кетаётганини туман ҳокими билмайди, деб ўйлайсизми? Билади, лекин билмасликка олади, десак, тўғрироқ бўлар балки...

Тўртинчи тараф: Бу – битирувчи. Унинг зиммасидаги масъулият қўлидаги тўрт томонлама шартномани қандай қилиб бўлса ҳам, иш берувчига имзолатиб, коллежга топшириш. “Қандай қилиб бўлса ҳам” деганимизда таниш-билиш қилибми, ота-онасини ишга солибми, ҳартугул шартномада иш берувчи муҳри ва имзосини қўйдиришга эришиши керак. Йўқса, унга диплом беришмайди. Агар дипломни бериб юборишса-чи? Унда шартнома имзоланмасдан қолиб кетади. Энг ёмони бу ҳолатда коллеж раҳбарлари гап эшитади. Битирувчи йўлини қилиб, шартномага имзо қўйдирса, бас, дипломини олиб коллеж билан хайрлашиб кетаверади. Имзо қўйганни ҳам, шартнома тузганни ҳам ҳеч ким сўрамайди. Сўрасаям... ЯХШИНИ ОШИРИБ, ЁМОННИ ЯШИРИБ... Ҳозиргача шундай бўлиб келаяпти.

Эндиликда бундай ўзибўларчиликка чек қўйиш вақти етди, чамамда. Бир эсланг, Президентимиз Шавкат Мирзиёев маърузаларининг бирида 2 нафар ишсиз кишини банлигини таъминлаган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман, деган эдилар. Давлатимиз раҳбари куюнчаклик билан ҳар бир битирувчининг бандлигини таъминлаш учун, аввало, иш ўрни яратиш ҳақида қайғураётган экан, нега жойларда бу масалаларга панжа орасидан қаралаяпти? Нега тўрт томонлама шартнома қоғозда тўлиқ уддланаяпти-ю, амалда у бажарилмаяпти? Қачон қоғоздан амалий ишга ўтамиз? Ахир тўрт томонлама шартнома иш берувчи, битирувчи, коллеж раҳбари ва туман ҳокими ҳамкорлигида қонуний тарзда тузилса, бу шартномадан ҳар бир тараф манфаатдор бўлса, қандай яхши. Ана шу қонунийлик таъминланса ва шартнома неча фоизга бажарилгани ҳаққоний ҳисоботларга киритилса, анчагина битирувчи ишсиз қолгани аён бўлади. Бизга эса ана шу ҳаққоний ҳисобот керак. Шунга эришилса, ўша ишсиз қолган битирувчиларни бандлигини таъминлашга киришилади-ку! Ҳақиқий аҳволни яшириб, тўлиқ тўрт томонлама шартнома тузилди, қабилида иш юритилиши бу ёшларимизга, келажак авлод тақдирига бефарқликдир. Бу бефарқлик юртимиз тараққиёти, иқтисодиётимиз ривожига салбий таъсир ўтказиши тайин. Шундай экан, келинг, яхшини ошириш, ёмонни яширишдан воз кечайлик.

Фахриддин Бозоров