Тўйи арафасида автомобилда дарёга чўкиб кетган қиз ва йигитнинг жасадини топиш учун қутқарувчиларга икки кун керак бўлди. Фожиа 12 май куни Ангрен дарёси қирғоғида рўй берган. 

Ўз номини ошкор қилишни истамаган ФВВ ходимининг сўзларига кўра, йигит бошқариб келаётган машина Ангрен сув ҳавзаси яқинига келганда сувнинг шиддатли оқими уни ўз гирдобига тортиб кетган. 

Автомобиль чўка бошлаганида йигит мобил телефонидан дўстига қўнғироқ қилиб, автомобилни сувдан олиб чиқиш учун эвакуатор чақиришни сўрашга улгурган. У автомобиль қулаган жой номини айтиши биланоқ алоқа узилган. 

Дўстининг сўзларига кўра, эвакуаторни олиб келганида машина чўкиб бўлган. Шундан сўнг бу жойга ФВВ ходимлари етиб келишган. Ғаввослар икки кун давомида машинани излашган, лекин топа олишмаган.

Маълум бўлишича, 23 ёшли йигит ва 20 ёшли қиз унаштирилган, бир ҳафтадан кейин тўйлари бўлиши керак бўлган.

Ёшларнинг жасади икки кундан кейин Ангрен дарёси тубидан топилган. Жасадлар Spark автомобили ичида бўлган. ФВВ ходимига кўра, йигитнинг бир оёғи газ педалига ёпишиб қолган ҳолда топилган.

Ҳозирда Ангрен прокуратураси мазкур воқеа юзасидан тергов иши олиб бормоқда.

Прокуратура ходимининг дастлабки тахминларига кўра, фожиа ҳайдовчининг дарё қирғоғига ҳаддан зиёд яқин келгани натижасида рўй берган. Аслида автомобилда бу ерга ўтишнинг ўзи мумкин бўлмаган. 

Йигит ва қиз сешанба куни Ангрен шаҳрида ёнма-ён дафн қилинган. Йигитнинг дўстларидан бири айтишича, жасадларни қабристонга олиб кетилаётганда "Ёр-ёр" куйланган.