Nissan компанияси ўзининг илк тўлиқ электрик кроссовери нишонаси бўлиши мумкин бўлган прототип устида ишламоқда. 

Япон брендининг янги концепти жорий йилда тақдим қилинади, деб хабар бермоқда компания вакилларига иқтибос келтирган ҳолда Automotive News. Нашр маълумотларига кўра, прототип 2017 йил январда Детройтда намойиш қилинган 4 эшикли Vmotion 2.0 шоу-карига монанд Vmotion 3.0 деб аталиши мумкин.

Vmotion 2.0 концепти марка седанлари дизайнининг ривожланишини намойиш қилиш учун яратилган. Vmotion 3.0 кроссовер бўлиши ва мос равишда, Nissan’нинг бўлғуси йўлтанламаслари ҳақида тасаввур бериши мумкин. Бунда прототип тўлиқ электрлашган бўлади.

Бундан ташқари, янги машина автоном бошқарув тизими билан жиҳозланиши мумкин. Бу машина электр қурилмасини сақлаб қолган ҳолда Nissan’нинг серияли моделига айланиши мумкин. Бироқ ҳозирча Vmotion 3.0’нинг кўрсаткичлари ҳақида маълумот йўқ. Унинг илк намойиши қачон ва қаерда бўлиб ўтиши ҳам номаълум.

Бу орада 2017 йилда Nissan яна битта янги электрокарини – кейинги авлоддаги Leaf хэтчбегини намойиш қилади. Моделнинг илк расмий тизери ўтган ҳафтада намойиш қилинган.