Ўзбекистон делегацияси жорий йил 14-19 май кунлари Россиянинг Ростов вилояти ва Краснодар ўлкасида бўлишди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентлик матбуот хизмати хабар қилмоқда. 

Делегация таркибига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентлик ва Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси вакиллари кирган. 

14 май куни «Меҳнат миграцияси соҳасида ўзбек-рус ҳамкорлигининг асосий йўналишлари» мавзусида ўтказилган тақдимот маросимида Ростов вилоятидаги етакчи компаниялар вакиллари, қурилиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи йирик иш берувчилар, суғурта компаниялари ва меҳнат агентликлари раҳбарлари қатнашган. 

15 май куни делегация жойлардаги миграция билан боғлиқ вазиятни ўрганиш мақсадида хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш махсус идорасига бориб, Россия ИИВ миграция масалалари бўйича минтақавий бўлимлари раҳбарлари билан учрашган. 

Шу куни Агентлик ва элчихона вакиллари Дон давлат техника университетига ташриф буюриб, Ростов вилоятидаги ОЎЮда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан суҳбат ўтказишди. 

16 майда «Дон плаза» конгресс-меҳмонхонасида Ўзбекистон делегацияси ва Ростов вилояти маъмурияти вакиллари ўртасида учрашув ташкил этилди. Унда, Россия ташқи ишлар вазирлиги, иқтисодий тараққиёт вазирлиги, бандлик давлат хизмати бошқармаси, Меҳнат ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги меҳнат бўйича бошқармаси ҳамда Дон қурувчилар ассоциацияси вакиллари ҳам қатнашишди. Бундан ташқари,  Агентлик ва элчихона вакилларининг Россия ИИВ Ростов вилояти бўйича бошқармаси ходимлари билан учрашуви ташкил этилди. 

Делегациянинг «Ростов порти» давлат компаниясига ташрифи чоғида эса, компания директорлар кенгаши раиси О.И.Гризлов билан учрашуви бўлиб ўтди. «Ростов порти» қишлоқ хўжалиги, балиқчилик саноати, енгил саноат, қурилиш, савдо, сайёҳлик каби  40дан ортиқ фаолият билан шуғулланади. Учрашув якунларига кўра, Агентлик, «Ростов порти» давлат компанияси ҳамда Бандлик ва хорижий меҳнат ресурслари Маркази ўртасида уч томонлама Протокол имзоланди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон делегацияси 17-19 май кунлари Россиянинг Краснодар ўлкасига ташриф буюрди. 17 май куни делегация аъзолари Краснодар ўлкаси губернатори ўринбосари Сергей Алтухов билан учрашув ўтказишган. 

Унда қонуний меҳнат миграцияси билан шуғулланувчи идоралараро ҳамкорлик қилиш ҳамда Краснодар ўлкасида Ўзбекистон фуқароларини ташкилий ишга жойлаштириш масалалари муҳокама қилинган. 

Бундан ташқари, Краснодар ўлкаси «Карьера» давлат унитар корхонаси директори Олга Попова билан учрашув ташкил этилди. Кўп функцияли миграция марказига ташриф буюрилди. Мулоқотларда Россиянинг Краснодар ўлкасида меҳнат фаолиятини юритиш учун келган ўзбекистонликларга амалий кўмак бериш масалалари муҳокама қилинди.