Европа лигасининг финалидан ўрин олган учрашув бугун бўлиб ўтади. Унда «Аякс» «Манчестер Юнайтед»га қарши майдонга тушади. Tribuna.Uz икки жамоанинг тарихдаги финалларини ёдга олади.

Ўртада ЕЧЛ йўлланмаси. Тўлиқ превью

Финал фактлари

Бу «Аякс»нинг 15 марта еврокубоклар финалида иштирок этиши бўлади. Жамоа бунгача ўтказган 14 финалнинг 10тасида ғалаба қозонган, 4тасида мағлуб бўлган. Сўнгги марта ЕЧЛда 1995 йилдаги ғалаба («Милан» устидан 1:0) сўнгги евросоврин бўлиб қолаётган бўлса, 1996 йилдаги ЕЧЛ финалидаги «Ювентус»дан учралган мағлубият жамоанинг сўнгги финали бўлиб қолаётганди.

«Юнайтед» еврокубоклар финалида 12 марта майдонга тушади. Олдинги 11 финалнинг 6тасида жамоа совринни қўлга киритган бўлса, 5тасида мағлубиятга учраган. Қизиқ томони жамоа сўнгги учта финалнинг барчасида мағлубиятга (2008 суперкубокда, «Зенит», 2009 ва 2011 йилларда «Барселона») учраган. Жамоанинг еврокубоклардаги сўнгги ғалабаси 2008 йилга тўғри келади. Ўшанда Фергюсон бошчилигидаги жамоа «Челси»ни пенальтилар сериясида мағлубиятга учратганди.

Агар «Манчестер Юнайтед» Стокҳолмдаги финалда ғалаба қозонган тақдирда «Аякс», «Бавария», «Челси» ва «Ювентус» каби Европада шу кунга қадар ташкиллаштирилган учта мусобақада (ЕЧЛ/ЕЧК, Кубок эгалари кубоги, УЕФА кубоги/Европа Лигаси) ҳам ғалаба қозонган жамоага айланади.

Эслатиб ўтамиз, финал учрашуви Тошкент вақти билан 23:45да бошланади.