Forbes журнали Global 2000 дунёнинг энг йирик оммавий компанияларининг янгиланган рўйхатини тақдим этди. Рўйхатнинг бошида Хитой ва АҚШ холдинглари жойлашган.

Мазкур рўйхатга 58 мамлакат фирмалари киритилган, уларнинг умумий даромади - 35,3 триллион доллар, фойдаси - 2,5 триллион долларни ташкил қилади. Рўйхатдан ўрин олган компанияларнинг умумий бозор қиймати 48,8 триллион доллардан иборат. Рейтинг иштирокчилари активлари жами 169,1 триллион долларга баҳоланади. Ушбу кўрсаткичлар ўтган йилгига нисбатан юқори, бозор капитализацияси 10 фоизга ўсган, дея таъкидланади Forbes'да.

Рейтингни тузишда даромад, фойда, активлар ва бозор қиймати кўрсаткичлари инобатга олинди. 

Биринчи ўрин Хитойнинг Саноат ва тижорат банки  (ICBC)га насиб этди. Ундан кейинги, иккинчи ўринни Хитойнинг Қурилиш банки эгаллади. Учинчи поғонада АҚШнинг Berkshire Hathaway компанияси қайд этилди. 

Кейинги ўринларда JPMorgan Chase (АҚШ), Wells Fargo (АҚШ), Хитойнинг Қишлоқ хўжалик банки, Bank of America, Bank of China, Apple ва Toyota Motor (иккаласи 9-ўринда) номлари келтирилган. 

АҚШ ва Хитойнинг ЯИМ ўсиши секинлашишига қарамай, бу икки мамлакат компаниялари рўйхатдаги ўринларнинг 40 фоизини эгаллаган.