2017 йил 26-27 май кунлари Тошкентда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг 100 йиллигига бағишлаб “Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларини мустаҳкамлашда халқ дипломатиясининг тутган ўрни ва роли” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.

Мазкур конференция Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультети “Ўзбекистон тарихи” кафедраси томонидан ташкил этилган бўлиб, унда илк бор халқ дипломатияси билан боғлиқ масалалар қамраб олинди. 

Жаҳон ҳамжамиятига тўлақонли ва тенг ҳуқуқли аъзо бўлмиш мамлакатимизнинг дунё халқлари билан ўзаро алоқаларини мустаҳкамлашда халқ дипломатиясининг ўрни ошиб бормоқда. Мазкур масаланинг тарихий илдизлари, маънавияти, ўзаро дўстлик, маданий ҳамкорлик ва бошқа шу каби қирралари конференцияда илк бор илмий жиҳатдан таҳлил этилди. Ушбу анжуманда республика марказининг қатор кўзга кўринган олимлари, тадқиқотчи ва мутахассислари, республикада фаолият кўрсатаёган миллий ва маданий марказлар раҳбарлари, фаоллар, ОАВ вакиллари ҳамда қўшни Қозоғистон Республикаси олимлари ҳам иштирок этишди. 

Анжуманда кўплаб олимлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, ёш тадқиқотчилар маърузалари тингланди. Маърузачилар ўз чиқишларида 2017-2021 йилдаги Ўзбекистоннинг янада ривожлантириш ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифалар мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда республиканинг тинчликсевар ташқи сиёсати тамойилларига ўз эътиборини қаратишди.

Анъанавий дипломатиялардан фарқли равишда халқ дипломатияси бошқа халқлар манфаати, маданияти, ўтмишига толерантлик ва ҳурмат юзасидан муносабат билдириб, ўзаро маданий ҳамкорликка катта урғу беради. Бу билан эса халқлар ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янада ривож топиб, мустаҳкамланаверади.