АҚШ президенти Дональд Трампнинг Саудия Арабистонида бошланиб, Исроил, Фаластин, Ватиканда давом этиб, Брюсселда тугалланган турнеси Вашингтоннинг янги давр ташқи сиёсатидаги устувор йўналишларига ишора қилади. Hurriyet нашрида шу мавзудаги мақола тақдим этилди.

Буш ва Обама доктринаси

2001 йилнинг 11 сентябрига қадар АҚШ президенти Жорж Бушнинг доктринаси кўпроқ "огоҳлантирувчи операциялар" устига қурилган эди. Бу эса АҚШ миллий хавфсизлигига эҳтимолий таҳдидни ўз вақтида бартараф этишни кўзда тутарди. Ушбу доктрина доирасида Буш маъмурияти Афғонистондан кейин Ироққа аралашув режасини амалга оширган ва Саддам Ҳусайнни қулатган. Яқин Шарқ ҳали-ҳануз ушбу аралашув оғриқларини унута олмайди.

Барак Обама Бушдан кейин ҳукумат тепасига келиб, Афғонистон ва Ироқдан ҳарбийларни олиб чиқишга ваъда берди. Яқин Шарқ ортиқча юк эди. АҚШ Тинч океани минтақаси, Лотин Америкаси ва Осиёга эътиборини қаратиши керак бўлган. Эски душманлар янги ҳамкорларга айланиши мумкин эди. Эрон билан ядровий келишув имзолаш билан боғлиқ жараённи тасдиқлаган Обама Куба билан муносабатлардаги тарангликни бартараф этишга ҳам муваффақ бўлди. Бироқ Яқин Шарқ уни таъқиб қилишда давом этарди. Аксарияти Ироқдан олиб чиқилган америкалик ҳарбийлар қисман ортига қайта бошлади. Бу сафар нафақат Ироқ, балки кичик жаҳон уруши кетаётган Сурия ҳам жараёнга жалб қилинди.

Ўтган йили ёзда Atlantik журналига берилган интервьюда Обама Сурияда кимёвий қуролнинг қўлланишини "қизил чизиқ" деб атади ва ўз позициясини "Вашингтон сценарийларини бузиш" сифатида эътироф этди. Бошқа томондан, Яқин Шарқ Обаманинг ташқи сиёсат доктринаси шаклланишига ҳисса қўшди. Энди АҚШ ўз ҳарбийларини жалб қилиб, тўғридан-тўғри эмас, балки маҳаллий кучлардан фойдалана бошлади - масалан, Сурияда халқ мудофаа отрядлари - Курдистон Ишчилар партиясининг бир новдаси билан ҳамкорлик қиларди.

АҚШ-Саудия "қуролли битими"

Ҳозир асосий саҳнада - АҚШнинг янги президенти Дональд Трамп. У ўзининг илк хорижий сафари доирасида динлараро турни амалга оширди, дейиш мумкин, зеро Трамп ўз сафарини Ар-Риёдда бошлаб, Қудсда давом эттириб, Ватиканда тугаллади. Бироқ кечаги кунга қадар мазкур турне доирасида энг муҳими - Саудия Арабистони раҳбарияти билан қурол-яроғга доир имзоланган 110 миллиард долларлик битим эди. Ўн йил давомида АҚШнинг Саудияга 350 миллиард долларлик қуролни сотиши Трампнинг ташқи сиёсатини тушуниш учун баъзи калитларни тутқазади.

Эрон Обама даврида имзоланган ядровий келишув туфайли минтақавий куч сифатида олдинга чиққанида, бу Сурия ва Яманда шиалар таъсирини ошириши таъкидланган эди. Ўша пайтлар Эроннинг "кучайиши" Форс кўрфази мамлакатларида, энг аввало Саудия Арабистонида хавотир уйғотди, анъанавий иттифоқдошлар - Вашингтон ва Ар-Риёд муносабатларида совуқлик пайдо бўлди.

Фото: AFP

АҚШ Саудия Арабистони билан имзоланган янги "қуролли битим" туфайли 2001 йилнинг 11 сентябридан кейин Ар-Риёдга қайтмоқда. Трамп маъмурияти Россия ва Хитой томонидан қўллаб-қувватланувчи Эронга қарши араб дунёсининг Исроил билан ҳамкорлигини рағбатлантириб, Саудиядаги ҳарбий ривожланиш унинг терроризм билан курашдаги позициясини кучайтиради ва ҳарбий масалада АҚШга юк бўлмаслигига оид нуқтаи назарни олға суради. Lockheed Martin, Boeing, Raytheon каби америкалик қурол ишлаб чиқарувчилар бу битимдан фойда оладиган бир пайтда АҚШда янги ишчи ўринларига замин яратилади, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар огоҳлантирмоқда: қурол қанча кўп бўлса, инсон ҳуқуқларининг бузилиш ҳолатлари шунча кўпаяди.

"Энг аввало Америка" ва "харажатларнинг тақсимланиши"

Трамп Ар-Риёдга ташрифи давомида ташқи сиёсатдаги йўналишни ўзгартирди, НАТОга қилинган ташриф эса келгуси трансатлантик муносабатлар нуқтаи назаридан муҳим эди. Илгари НАТОни "эскирган" ташкилот деб атаган АҚШ президентининг альянсда икки иши бор эди - молиявий юкни тақсимлаш ва терроризмга қарши янада самарали курашиш. 2014 йилда Уэльсдаги саммитда НАТО иттифоқдошлари томонидан қабул қилинган мажбуриятлар тўғрисидаги қарорларга мувофиқ, ҳар бир аъзо мудофаага ЯИМнинг 2 фоиздан кам бўлмаган қисмини ажратиши керак. Ҳозирча ҳамма давлатлар ҳам бунинг уддасидан чиқа олишмаяпти.

Фото: ТАСС

Трамп  молиявий харажатларни тақсимлаш зарурати борасида аввал бошданоқ босим ўтказиб келмоқда. НАТО бунга жавобан саммитда рамзий қадам ташлаб, ИШИДга қарши коалицияга қўшилиш қарори ҳақида эълон қилди. Бундан ташқари, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг сўнгги вақтларда харажатларни тақсимлаш борасида альянс аъзолари томонидан эришилган муваффақиятни алоҳида таъкидлади. АҚШ президенти нафақат Ар-Риёдни, балки НАТОни ҳам ҳарбий жиҳатдан ривожланишга чорламоқда.

Яқиндагина ишга киришган Дональд Трампнинг қандайдир доктринаси ҳақида гапиришга ҳали эрта.Шунга қарамай, президент Трампнинг ташқи сиёсатидаги муҳим пунктлар - "Энг аввало Америка" ва "харажатларни тақсимлаш" эканлиги аён бўлиб бўлмоқда. Биз унинг Саудия Арабистонига қилган ташрифи чоғида ҳам, Брюсселдаги музокараларда ҳам шунинг гувоҳи бўлдик.