Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 1988 йилда 31 майни Халқаро чекишга қарши курашиш куни деб эълон қилган. 

Халқаро чекишга қарши курашиш кунининг глобал мақсади ҳозирги ва келгуси авлодни тамакининг нафақат соғлиқ учун салбий жиҳатларидан, балки ижтимоий, экологик ва иқтисодий талофатларнинг вайронкор оқибатларидан ҳимоя қилишга қаратилган. 

Халқаро чекишга қарши курашиш кунининг 2017 йилдаги мавзуси - "Тамаки - ривожланишга таҳдид". Шу муносабат билан тамаки ва у билан курашишга доир далилларни тақдим этамиз.  

1. Ҳар йили тамаки истеъмоли натижасида 6 миллионга яқин киши ҳаётдан кўз юмади ва агар унга қарши курашга киришмасак, бу кўрсаткич йилига 8 миллиондан ошади. Тамаки истеъмоли жинси, ёши, ирқи ва маданиятига қарамай, ҳар қандай киши учун хавф туғдиради.

2. Тамаки истеъмоли соғлиқни сақлаш ва фаолият самарадорлигининг пасайишини инобатга олганда, миллий иқтисодиёт учун қимматга тушади. У соғлиқни сақлаш соҳасидаги тенгсизликни чуқурлаштиради ва қашшоқлик муаммосини янада кучайтиради, чунки кам таъминланган кишилар энг асосийси - озиқ-овқат маҳсулотлари, таълим ва соғлиқни сақлаш учун камроқ маблағ сарфлашади. Тамаки истеъмоли натижасида эрта ўлим ҳолатларининг 80 фоизи паст ва ўрта даражали даромад олувчи мамлакатларга тўғри келади.  

3. Тамаки етиштириш учун катта миқдордаги пестицидлар ва минерал ўғитлар керак бўлади, улар эса заҳарли бўлиши ва сув ресурсларини ифлослантириши мумкин. Уни етиштиришга ҳар йили 4,3 миллион гектар ердан фойдаланилади, бунинг натижасида эса глобал ўрмонсизланиш 2 фоиздан 4 фоизга етади. Тамаки саноати шунингдек 2 миллион тоннадан ортиқ қаттиқ чиқиндиларни чиқаради. 

4. ЖССТнинг Тамакига қарши кураш конвенцияси 180 томон (179 мамлакат ва Европа Иттифоқи) билан халқаро келишувни кўзда тутади. Кўп мамлакатлар давлатнинг тамакига қарши кураш сиёсатига тамаки саноати вакиллари аралашувига йўл қўймайди. 

Ёдингизда бўлсин, чекиш соғлиғингиз учун зарардир!