АҚШда "Сан-Франциско Джайентс" ва "Вашингтон Нэшионалс" бейсбол жамоалари ўртасидаги учрашув давомида спортчилар орасида оммавий муштлашув юз берди. Бу ҳақда The New York Times нашри хабар бермоқда

Муштлашув Вашингтон жамоасининг тўпни қайтарувчи аъзоси Брайс Харпер сабабли бошланган. Бунга эса рақиб жамоа питчери Хантер Стрикленднинг отган тўпи Харпернинг оёғига тегиши сабаб бўлган. 

Ушбу муштлашув акс этган видеода оёғига тўп текканидан дарғазаб Харпер битани четга улоқтириб, Стрикленд томон чопаётгани, сўнгра эса икки бейсболчи юзларига мушт тушириб кетишганини кўриш мумкин. Бир неча сония ичида муштлашувга жамоаларнинг қолган аъзолари ҳам қўшилиб кетишган.   

Спортчилар тинчлантирилгандан кейин учрашув давом эттирилган. Учрашувда "Вашингтон Нэшионалс" 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган.