2017 йил 24 майда Вазирлар Маҳкамасининг “Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисида”ги 312-сон Қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.
 
Белгиланишича, 2017-2018 ўқув йилида мактаб-интернатнинг 5-6-7-8-синфларига ҳамда 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб 5-синфига 30 нафардан ўқувчилар қабул қилинади. Халқ таълими вазирлигига мактаб-интернатнинг моддий-техника базаси, педагог кадрларнинг салоҳияти ҳамда эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.
 
Тегишли давлат органларига Қарши шаҳридаги «Баркамол авлод» марказининг ўқув биносини реконструкция қилиш, 50 ўринли ётоқхона ва ошхона биноларини қуриш, шунингдек мактаб-интернатни ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер техникалари, ўқув-методик мажмуалар, методик қўлланмалар ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.
 
Халқ таълими вазирлиги Давлат тест маркази билан биргаликда 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб мактаб-интернатга иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш мақсадида она тили ва чет тили фанларидан тест синови ҳамда психологик-педагогик диагностика ўтказади.
 
Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган ва 2017 йил 29 майда кучга кирди.