Бозор иқтисодиёти шароитида кўчмас мулк, уни ҳимоя қилиш муҳим аҳамиятга эга. Мазкур омилдан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон кўчмас мулк бозоридаги муносабатларни ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга алоҳида эътибор билан ёндашилмоқда. Шунга қарамай, соҳада бир қатор камчилик ва нуқсонлар мавжуд. Масалан, кўчмас мулкнинг ўзаро олди-бердисини расмий риэлторлар билан бир қаторда, қонунга зид равишда фаолият юритаётган “қора маклер”лар ҳам амалга ошираётгани ҳеч кимга сир эмас. Улар айрим соддадил фуқароларнинг ишончига кириб, аксариятини алдаб кетаётган ҳолатлар, афсуски, кундалик ҳаётимизда кўплаб учраб турибди.

Журналист Сауле Азимбетова Риэлторлик ташкилотлари ассоциацияси ижрочи директори Абдумалик Алиев билан айнан шу хусусда суҳбатлашди.

— Юртимизда кўчмас мулк бозори жадал ривожланмоқда, — дейди А. Алиев. — Ўз-ўзидан кўчмас мулкка бўлган талаб ҳам ортиб бораяпти. Ҳар йили Ўзбекистон харитасида янгидан-янги аҳоли яшаш пункт¬лари пайдо бўлаяпти. 2011 йилдан кучга кирган “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонун мамлакатимиз кўчмас мулк бозорида ижобий ўзгаришларга йўл очди. Аввало, ушбу ҳужжат кўчмас мулк бозорида шаффофликни ошириш, мазкур соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини шакллантириш, профессионал хизмат кўрсатадиган риэлторлик ташкилотлари тузилиши ҳамда риэлторлар фаолиятининг йўлга қўйилишига хизмат қилди. Шу ўринда қайд этиш керак-ки, риэлторга, яъни жисмоний шахсга лицензия кўчмас мулк бозорида фақат ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш учун берилади. Юридик шахслар — риэлторлик ташкилотлари эса барча турдаги риэлторлик хизматларини, яъни кўчмас мулк объектларига ҳамда уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимларни тузиш чоғидаги воситачилик, кўчмас мулк объектларининг ва уларга бўлган ҳуқуқларнинг савдосини ташкил этиш, кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш, ахборот ҳамда маслаҳат хизматларини кўрсатади.

— Бугунги кунда уй-жой бозорида тузилаётган битимларнинг қарийб 70 фоизи тегишли лицензияга эга бўлмаган шахслар воситачилигида амалга оширилаяпти. Бошқача айтганда, улар қонун талабларини бузишмоқда.

— Афсуски, шундай. “Қора маклер”лар фаолиятини назорат қилиш масаласи ҳали-ҳануз тўлиқ ҳал этилмаган. Бугун амалиётда кўчмас мулк билан боғлиқ таваккалчиликларни камайтириш учун мажбурий лицензиялаш, риэлторларга тегишли ¬талаблар, уларнинг фаолияти устидан давлат назорати жорий қилинган.

Риэлторлик ташкилотлари мамлакатимиз қонун ҳужжатлари асосида фаолият юритишади. Буюртмачи ва ижрочи ўртасида ёзма шартнома тузилиши воситачилик хизматларини кўрсатишнинг мажбурий шарти саналади. Агар келишув нотўғри амалга оширилган бўлса, жабрланган тараф ўртада турган компанияни судга бериши мумкин. Лицензияланган ҳар бир риэлторлик ташкилоти ходимлари Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан бериладиган малака сертификатига эга. Бунинг учун улар Корпоратив бошқарув маркази, Янги бозорлар мутахассисларини тайёрлаш миллий маркази ўқув курсларида таҳсил олишади.

Аммо одамнинг табиати шунақа: ҳар доим ҳам ташлаётган қадамининг оқибатлари ҳақида ўйлаб ўтирмайди. Агар бирор киши кўчмас мулк бозорида ноқонуний ишлаётган кишига мурожаат қилса, шуни унутмаслик керакки, бундай битимлар ҳеч қандай кафолатга эга бўлмайди. “Қора маклер”лар мижозлар билан оғзаки келишиб, ўзига тегишли улушини олишади, бироқ ҳеч қандай жавобгарликка эга бўлмайдилар. Ассоциациямизга бундай виждонсиз “маклерлар”нинг фаолияти оқибатида жабрланганлар жуда кўплаб мурожаат қилишган.

— Риэлторлар фаолиятида қандай қийинчиликлар бор?

— Риэлторлик ташкилотларининг давлат идоралари, уй-жой коммунал хўжалиги ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан муносабатларининг қонуний механизмлари мавжуд. Улар риэлторлик ташкилотига белгиланган тартибда ахборот тақдим этиши керак. Бунда, албатта, буюртмачи билан риэлторлик хизматини кўрсатиш бўйича тузилган шартнома нусхасини тақдим қилиш кифоя. Бироқ амалиётда ушбу талабга риоя этилмаяпти. Оқибатда риэлторлик хизмати буюртмачиси риэлторлик ташкилоти ходимига тегишли ҳужжатларни тўплаш учун нотариусда ишончнома расмийлаштиришга мажбур бўлаяпти. Бу мижозларнинг норозилигига, ортиқча сарф-харажат қилинишига олиб келмоқда. Ваҳолонки, риэлторлик хизматини кўрсатиш бўйича алоҳида шартнома бор. Кўчмас мулк объекти жойлашган манзил бўйича фуқаролар рўйхати тўғрисида маълумотнома олиш ҳам зарур ҳужжатлар тўпламига киради. У ички ишлар органлари томонидан берилади. Бунинг учун паспортисткага мурожаат этиш керак бўлади. Унинг ҳуқуқий мақоми эса ҳалигача белгиланмаган. Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан мазкур штат бирлиги маҳалла фуқаролар йиғини штатлар жадвалига киритилиши лозим эди. Аммо ҳозиргача ушбу қарор ижроси таъминланмаган. Маълумотнома хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати директори томонидан берилади ҳамда имзоланади. Тўловни нақдсиз кўринишда амалга ошириш имкониятлари йўқлиги ҳам риэлторлик ташкилотлари учун қўшимча муаммоларни туғдирмоқда.

— Ассоциация томонидан ўз аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қандай ишлар амалга оширилаяпти?

— Ҳозирги кунда мамлакатимизда 240 дан ортиқ риэлторлик ташкилоти фаолият юритади. Бу, албатта, кам. Биз оммавий ахборот воситалари орқали кўчмас мулк бозорида қонуний ишлашнинг устувор жиҳатлари ҳақида тарғибот-тушунтириш ишларини мунтазам олиб бораяпмиз. Бундан ташқари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига риэлторлик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш мақсадида таклиф ва тавсиялар тақдим қилганмиз.

Қатор давлат органлари билан биргаликда кўчмас мулк бозоридаги ноқонуний фаолиятнинг олдини олиш мақсадида изчил ишланмоқда. Хусусан, ассоциация риэлторлик ташкилотлари орқали “қора маклер”лар ҳақида зарур маълумотлар тўплаяпти. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, бир қатор босма ва электрон оммавий ахборот воситалари лицензия рақамини кўрсатмасдан кўчмас мулк савдоси ҳақида эълонларни чоп этаётир. Бу ҳам турли ҳуқуқбузарлик ҳамда суиистеъмолликларга йўл очаяпти, десак, адашмаймиз. Шу муносабат билан ассоциация газета ва электрон кўчмас мулк савдолари порталларидан “қора маклер”ларнинг фойдаланишини чеклаш йўлларини излаяпти. Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузурида мазкур қўмита, ассоциациямиз, Давлат солиқ қўмитаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти вакиллари иштирокида махсус комиссия тузиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Маълумот: Ўзбекистонда ўртача ҳар 148,4 минг кишига давлат томонидан берилган битта риэлторлик лицензияси тўғри келади. Бу кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикасида 440,8 минг, Қашқадарё вилоятида 422,7 минг, Хоразм вилоятида 428,9 минг кишини ташкил қилади.

Мамлакатда 2017 йилнинг 1 июнь ҳолатига риэлторлик фаолиятини амалга ошириш учун 240 та лицензия берилган бўлиб, уларнинг 89 таси кўчмас мулк объектларига ҳамда уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимларни тузиш чоғидаги воситачиликни амалга ошириш, 19 таси эса кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқдир.

Материал Иқтисодий тадқиқотлар маркази кўмагида тайёрланди.

Ўзбекистонда ўртача ҳар 148,4 минг кишига давлат томонидан берилган битта риэлторлик лицензияси тўғри келади. Бу кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикасида 440,8 минг, Қашқадарё вилоятида 422,7 минг, Хоразм вилоятида 428,9 минг кишини ташкил қилади.

Юртимизда 2017 йилнинг 1 июнь ҳолатига риэлторлик фаолиятини амалга ошириш учун 240 та лицензия берилган бўлиб, уларнинг 89 таси кўчмас мулк объектларига ҳамда уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимларни тузиш чоғидаги воситачиликни амалга ошириш, 19 таси эса кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқдир.