Футбол бўйича Ўзбекистон Биринчилигининг 13-туридан жой олган «Сурхон» — «Андижон» ўйини оммавий муштлашув билан тугаган, ўйин якунида ҳакам 8 футболчига қизил карточка кўрсатганди.

Сурхондарёдаги футбол учрашуви вақтида рўй берган оммавий муштлашув видеоси пайдо бўлди

ПФЛ Термиздаги ўйин воқеасини атрофлича ўрганиб чиқди ва оммавий муштлашув иштирокчиларига дисквалификация қўллади. Ўйин вақтида четлаштирилган саккиз футболчидан ташқари жанжалда иштирок этган «Сурхон» клуби шифокори ҳам жазоланган.

ПФЛ регламенти (Тартиб-интизом кодекси 5-модда, 2-бўлим, 5.40 банди ҳамда 5-модда, 4-бўлим, 5.37 банди)ни бузгани учун «Сурхон» ва «Андижон» футбол клублари жаримага тортилди.

«Сурхон» клуби ярим ҳимоячиси Тимур Мамадалиев (Тартиб-интизом кодекси 3-бўлим, 5.45 банди ва «и», «п» бандларига асосан) 9 та учрашувга четлатилди ва жаримага тортилди.

«Сурхон» ҳимоячиси Санжар Шомуродов (Тартиб-интизом қўмитаси 3-бўлим, 5.45 банди ва «э», «и», «к», «о» ҳамда «п» бандларига асосан) мавсум охирига қадар четлатилди ва жаримага тортилди.

«Сурхон» ҳимоячиси Нажмиддин Нормуродов 5 та учрашувга дисквалификация қилинди ва жаримага тортилди.

«Сурхон» ҳужумчиси Акмал Абдураҳмонов 2 та учрашувга четлатилди ва жаримага тортилди.

«Сурхон» клуби врачи Фаҳриддин Абдусаматов агрессив ҳатти-ҳаракатлари ҳамда «Андижон» ПФК футболчисига жароҳат етказгани учун эгаллаб турган лавозимидан четлатилди ва бундан буён ЎФФ ҳамда ПФЛ тасарруфидаги мусобақаларда ишлаш ваколатидан маҳрум этилди.

«Андижон» ярим ҳимоячиси Иброҳим Отахонов 4 та ўйинга четлатилди ва жаримага тортилди.

«Андижон» ярим ҳимоячиси Фарҳод Бекмуродов 3 та учрашувга четлатилди ва жаримага тортилди.

«Андижон» ярим ҳимоячиси Санжар Асқаралиев 4 та учрашувга четлатилди ва жаримага тортилди.

«Андижон» ҳимоячиси Акбар Хўжаев 2 та учрашувга дисквалификация қилинди ва жаримага тортилди.

«Агар мазкур ҳолат яна такрорланса, «Сурхон» ва «Андижон» клубларига нисбатан янада қаттиққўл чоралар қўлланилади. Шунингдек, ҳар икки клубнинг раҳбарлари ва мураббийлар штаби эгаллаб турган лавозимлари мувофқилиги кўриб чиқилади», деб ёзилган ПФЛ сайтида.

Регламент бўйича бу бандларни бузгани учун клубларга қуйидаги жазолар қўлланилади:
а) огоҳлантириш;
б) Олий лига, биринчи лига, Ўзбекистон кубоги ўйинларини ўтказишда расмий мажбуриятларни бажаришдан дисквалификация қилиш ёки маълум муддатга футболдан четлатиш;
в) жарима — 10.000.000 сўм;
г) мураббий лицензиясини қайтариб олиш;
д) Ҳар қандай футбол фаолиятидан номаълум муддатга четлатиш.

Маълумот учун, «Сурхон» клуби катта танаффусдан сўнг шу йил февралида қайта ташкил этилиб, Биринчи лигада иштирокини бошлаган, «Андижон» жамоаси эса ўтган мавсум якунида Олий лигада охирги ўринни эгаллаб, қуйи лигада иштирок этадиган бўлганди.