Оливер Стоун Путин ролига муносиб актёрлар номини маълум қилди

Маданият 09 Июнь 2017 20369
Фото: nypost.com

Америкалик режиссёр Оливер Стоун қайси актёрлар бадиий фильмда Россия президенти Владимир Путин ролини қойилмақом ижро этиши мумкинлиги ҳақида маълум қилди. New York Post нашри шу ҳақда хабар берди

"Бир қарашда, Жереми Реннер унга ўхшаб кетади", - дейди Стоун. Унинг сўзларига кўра, Путин жуда ақлли ва у Реннернинг бу борада қандай эканини яхши билмайди. "Леонардо Ди Каприо Путин ролига мос келади ва шу билан бирга у Ленин ролини ҳам ижро эта олади", - дейди режиссёр. 

Душанбадан бошлаб АҚШнинг Showtime кабель телевидениеси орқали Стоуннинг "Путин билан интервью" ҳужжатли фильми эфирга узатилмоқда. Режиссёр бу фильм устида икки йил ишлаган.

Россиянинг "Первый канал"и лентани намойиш қилиш ҳуқуқини қўлга киритганини тасдиқлади, бироқ унинг эфирга чиқиш вақтини ҳозирча маълум қилмади. 

Стоун интервью вақтида Путинга кутилмаган саволлар билан мурожаат қилгани ва унинг қандай ирода соҳиби эканини синаганини таъкидлади. 

"У менга жуда яхши ухлашини айтди. Агар унинг ўрнида бўлганимда аллақачон асабим тамом бўлган бўларди. Афтидан, дзюдо ёрдам берса керак", - деди режиссёр. 

Стоун Россия президентини камтар инсон сифатида таърифлаган. "У ўз машинасида ҳаракатланади ва шахмат ўйинчиси каби фикрлайди", - дейди режиссёр. 

Шунингдек Стоуннинг фикрича, Путин уни эшитишларини истагани учун ҳам интервью берган. 

Кўпроқ янгиликлар