АҚШнинг иқлимга доир Париж келишувидаги иштироки мамлакатнинг 25 йил ичида 6,5 миллион ишчи ўринни йўқотишига олиб келарди. АҚШ вице-президенти Майкл Пенс Милуоки (Висконсин штати)даги чиқишида шундай баёнот билан чиқди. 

Пенснинг сўзларига кўра, Дональд Трамп меҳнаткашларнинг манфаатларини кўзлаб, мазкур келишувдан чиқиш тўғрисидаги қарорга келган.

Пенснинг изоҳ беришича, йўқотилган ишчи ўринларнинг 3 миллиони ишлов бериш саноатига тўғри келарди. Унинг фикрича, бу ерда, масалан, Хитой ва Ҳиндистон "деярли ҳеч нарса йўқотмасди". Пенс Америка президентининг қарорига изоҳ берар экан, у  "Питтсбургни Париждан", "Милуокини Миландан юқори қўйгани"ни таъкидлади. 

АҚШ президенти Дональд Трамп 1 июнь куни иқлимга доир Париж келишувидан чиқиши тўғрисида эълон қилди. Мазкур ҳужжат 2016 йил имзоланган бўлиб, унга Россия, Германия, Ҳиндистон ва Хитой каби давлатлар киради. Келишувнинг асосий мақсади - глобал ўртача ҳароратни Цельсий бўйича 2 даража кўрсаткичида ушлаб туриш. Олимларнинг таъкидлашларича, ўртача ҳарорат кўрсаткичининг бундан-да оширилиши сайёра экологиясига жуда катта таҳдидлар туғдириши мумкин.