135 йилдирки ушбу хиёбон Чорсу қадимий бозоридан Тошкентнинг географик маркази ва тимсоли мақомини олиб қўйди. Янги русча шаҳарнинг марказий майдони сифатида ўйланган хиёбон ўз ичида шаҳарнинг воқеа-ҳодисаларга тўла бўлган энг янги тарихини қамраб олди, деб ёзмоқда Kommersant.uz. 

Тасаввур қилинг – хиёбон ўзининг унча узоқ ўтмишга эга бўлмаган тарихи давомида олтита номни ўзгартирди, икки бора пиёдалар ўтиш йўлагига айланди, унинг марказида эса ўнлаб турли ҳайкаллар бир бирини ўзгартирди.

Хиёбон 1882 йилда Константин майдонида, Москва ва Кауфман шоҳ кўчалари кесишмасида М. Г. Черняев ташаббуси ва архитектор Н. Ф. Ульянов лойиҳаси бўйича қурилди ҳамда Константин номини олди. Аввалига у қатнов ҳудудининг бир қисми бўлган. Хиёбонни эркаклар ва аёллар гимназияси, давлат банки ва ўқувчилик семинарияси ўраб турган.

Бу ерда 1882 йилда ўз ўлимидан сўнг биринчи Туркистон генерал-губернатори Константин Петрович фон Кауфман дафн этилган.

1890-1913, Константин хиёбони
1890-1913, фон Кауфман қабри

1901 йилда Тошкентда “Туркистон кўргазмаси” бўлиб ўтди, унинг учун шарқона услубда бир неча павильонлар қурилди. Улардан бири, архитектор А. Л. Бенуа муаллифлигидагиси советлар даврида гул дўконига айлантирилди ва хиёбон марказида 1990-йилларга қадар турди.

1913 йилда хиёбон марказида «Константин Петрович фон Кауфман ва Ўрта Осиёни забт этган қўшинларга» бағишланган ҳайкал очилди, шундан сўнг хиёбон Кауфман номи билан атала бошланди.

1913 йилнинг 4 майи, фон Кауфманга аталган ҳайкалнинг очилиши
1913-1917, Кауфман хиёбони

1917 йилги инқилобдан сўнг рус империячиларига қўйилган ҳайкал йўқ қилинди, бироқ ҳайкал композицияси турган гранитли асос сақланиб қолинди. Асосга байроқ қадашди, атрофида эса октябрь ҳодисалари вақтида қўлга киритилган замбараклар ўрнатилди. Бу ўзига хос ер инқилоб учун курашчилар Хотираси, деб аталди, хиёбоннинг ўзи эса 1918 йилда Мария Спиридонова номини олди, кейинчалик у Инқилоб хиёбонига алмаштирилди. Мария Спиридонова асли Тамбов шаҳрилик инқилобчи, эсерлар партиясининг етакчиси бўлган. Тақдир ўйинини қарангки, у айнан Тошкентга 1920-йиллар охирида сургунга юборилган.

1917, Инқилоб курашчиларига аталган ҳайкал

Инқилоб курашчилари ҳайкали узоқ вақт турмаган. 1918 йилнинг 7 ноябрь куни байрам маросими Инқилоб хиёбони бўйлаб жуда катта ўроқ ва болға ёнида ўтказилган. Бу композиция «Озод этилган меҳнат» деб аталган. Аввалги ҳайкалдан асос ва кишилардан ажратиб турувчи занжирлар қолган. Асосга трибуна қурилган, у ердан маҳаллий раҳбарлар митингларда чиқиш қилишган. Ташқи тўсиқни бузиб ташлашди ва хиёбон бўйлаб яна йўл қуришди.

1920-1925, Инқилоб хиёбони, «Озод этилган меҳнат» монументи
1920-1930, Инқилоб хиёбони
1920-1930, Инқилоб хиёбонидаги қайрағочлар

1927 йилда, инқилобнинг ўн йиллигига атаб бу ерда гумбаз ва икки тилдаги ёзувга эга бўлган колонна пайдо бўлди: «Октябрь – жаҳон инқилоби машъали. 1917 — 1927». Ўзбек тилидаги ёзув арабча сўзлар билан ёзилган, шунинг 1929 йилда, ўзбек тили аввалига лотинга, кейин эса кириллчага ўзгартирилганидан сўнг, араб тилидаги колонна олиб ташланган.

1927—1930, Инқилоб хиёбонида Октябрнинг 10 йиллигига бағишланган ҳайкал

1930 йилнинг баҳорида колонна ўрнида атиги ярим йил давомида Ленин ҳайкали ва «Беш йилликка 4 йилда!» шиори бўлган ташвиқот комплекси жой олди.

1930, Инқилоб хиёбонида Ленин ҳайкали
1930 йил, хиёбондаги митинг. Фото: Макс Пенсон

XX асрнинг 30-йиллари бошида хиёбон марказида собиқ ҳайкалнинг бўш гранитли асоси турган.

1930—1935, Инқилоб хиёбони

1935 йилда хиёбон марказидаги асосни олиб ташлаш ва хиёбонни яна икки кўча кесишмасидаги қатнов қисмига айлантириш қарор қилинди, кўчалар ўша пайтда Энгельс (Москва шоҳ кўчаси) ва Карл Маркс (Кауфман шоҳ кўчаси) номи билан аталган.

1935-1940, Инқилоб хиёбони. Фото: Ш.Гурович
1935-1940, Инқилоб хиёбони. Фото: Ш.Гурович
1935-1940, Инқилоб хиёбони

40-йиллар охирида Инқилоб хиёбонидаги гранитли асосда яна ҳайкал пайдо бўлди, бу сафар – Сталинга. Хиёбон яна унча баланд бўлмаган панжара билан ўралди, йўл эса айлана шакли бўйлаб тушди. Хиёбон ва уни ўраб турган бинолар реконструкция қилинди, тартибга келтирилди.

1948-1949, Сталин ҳайкалининг очилиши. Фото: Макс Пенсон
1956, Инқилоб хиёбони. Фото: Жак Дюпакье

1961 йилда, Сталин шахсига сиғиниш билан кураш авжига чиққан пайтда ҳайкал олиб ташланди, асос эса собиқ Иттифоқ коммунистик партиясининг янги дастуридаги сўзлар билан икки тилда ёзилди. Шунинг учун монументни норасмий равишда «рус-ўзбекча луғат» деб атай бошлашди.

1962-1968
1964, «Дўстлик» кафеси

1968 йилнинг 5 май куни Инқилоб хиёбонида Карл Маркс бошининг катта ҳажмдаги шакли ўрнатилди.

1968 йил. Фото: Юрий Абрамочкин
1991 йил. Фото: Дэниел Уо

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг Инқилоб хиёбони номи Марказийга ўзгартирилди. 1993 йилда Карл Маркс ҳайкали, «Дўстлик» кафеси, бир неча музқаймоқ кафелар ва «Мавритания павильони» номи билан машҳур бўлган гул дўкони олиб ташланди.

1994 йилнинг 31 август куни хиёбон Амир Темур номига ўзгартирилди, унинг марказида эса ҳайкалтарош Илҳом Жабборовнинг янги ҳайкали очилди – Амир Темурнинг отдаги бронза ҳайкали.

2009 йилнинг ноябрида жуда катта, узоқ йиллик чинор дарахтларидан иборат бўлган боғ деярли бутунлай кесиб ташланди. Айнан шу боғ юз йилдан ортиқ вақт давомида хиёбонда ҳаттоки энг жазирама иссиқ об-ҳавода ҳам салқинликни келтириб чиқарарди ва хиёбоннинг энг асосий ўзига хос жиҳатларидан бири эди. “Сквердаги” чинорларни кесиб ташлаш шаҳар маъмуриятининг сўнгги йиллардаги энг шов-шувли ва муҳокамаларга сабаб бўлган қарорига айланди. Ҳозирга қадар кўпчилик тошкентликлар шаҳар марказининг янги қиёфасини қабул қила олмаяпти ҳамда унинг тарихини хиёбонни “йўқ қилгунгача” ва “ундан кейинги” даврга бўлишмоқда.

2011 йил
2017, Амир Темур хиёбони. Фото: Станислав Магай

Номланиши: 

1882 — Константин хиёбони
1913 — Кауфман хиёбони
1918 — Мария Спиридонова номидаги хиёбон
1918 — Инқилоб хиёбони
1991 — Марказий хиёбон
1994 — Амир Темур хиёбони

Ҳайкаллар:

1889 — Кауфман қабри
1913 — Ўрта Осиёни забт этган қўшинлар ҳайкали
1918 — инқилоб курашчилари ҳайкали, байроқ ва замбараклар
1918 — «Озод этилган меҳнат» монументи, ўроқ ва болға
1927 — «Октябрь – жаҳон инқилоби машъали. 1917 — 1927» гумбазли колонна
1930 — Ленин ва «Беш йилликка 4 йилда!» ҳайкали
1930 — собиқ ҳайкалнинг гранитли асоси
1935 — йўлнинг қатнов қисми
1948 — Сталин ҳайкали
1961 — коммунизм Дастури шарафиға бағишланган ёдгорлик, «Русча-ўзбекча луғат»
1968 — Карл Маркс ҳайкали
1994 — Амир Темур ҳайкали