Янги ташкил этилаётган “O’zbekiston 24” телерадиоканали қачон эфирга чиқиши маълум эмас. Барчаси тайёр бўлишига қараб амалга оширилади. Бунда, “O’zbekiston 24” ТРК директори биринчи ўринбосари Раҳим Маҳкамовга кўра, ҳозирда, унинг радиоканали ва веб-саҳифаси ишга тушишга яқин турибди. 

“O’zbekiston 24” ТРК директори биринчи ўринбосари Раҳим Маҳкамов

Унинг аниқлик киритишича, айрим интернет нашрларда пайдо бўлган, янги телерадиоканалнинг 2017 йил 27 июнь куни эфирга узатилиши бошланиши ҳақидаги хабарлар асоссиздир. Дастурлар ва эшиттиришлар телерадиоканалнинг техник жиҳозланиши ва уни ташкил этиш бўйича ишлар якунига етиши билан эфирга берилади. 

Шу билан бирга, Маҳкамовнинг айтишича, Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталари, ҳукумат ва бошқа муҳим тадбирлар, турли воқеа-ҳодисалар жойларидан жонли эфирга узатиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинмоқда.