iPhone’ни Ҳиндистонда ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Тайваннинг Wistron компанияси бош директори Роберт Хванг Apple’нинг янги смартфони ҳақида тарқалган баъзи миш-мишларни тасдиқлади. Бу ҳақда Nikkei Asian Review ёзмоқда.

Унинг сўзларига кўра, янги iPhone худди ҳозирги модель каби сув ўтказмайдиган корпусга эга бўлади. Бундан ташқари, Хванг гаджет симсиз қувватлантириш тизими билан жиҳозланиши ҳақидаги гап-сўзларни тасдиқлади.

«Йиғиш жараёни [iPhone’ни] аввалги авлодлар билан таққослаганда кучли ўзгармади, гарчи сув ўтказмаслик ва симсиз қувватлантириш каби янги функциялар қатор бошқача синовларни талаб этади», - дея айтиб ўтди Wistron раҳбари.

Apple Ҳиндистонда iPhone’ни 2017 йилнинг майидан ишлаб чиқара бошлади. Wistron ҳозирги пайтда Apple смартфонларининг энг арзон версияларини йиғади - iPhone SE ва 6. Шунингдек, компания Хитой ва Ҳиндистон брендларига қурилмалар ишлаб чиқаради.

Янги iPhone 2017 йилнинг кузида, Apple’нинг ҳар йилги тақдимотида намойиш этилади.