Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (ЖИМТ) қатор ҳамкор тадқиқот марказлари билан биргаликда мамлакатларнинг инновацион ривожланишига доир рейтингини тузди. ЖИМТ матбуот хизмати ушбу рўйхатни тақдим этди

Глобал рейтингнинг илк уч ўрни Швейцария (1-ўрин), Швеция (2) ва Нидерландия (3)га насиб этди. Таъкидлаш жоизки, Швейцария етти йилдан бери мазкур рейтингда етакчилик қилиб келади. 

АҚШ ҳам 2016 йилги рейтингдаги ўрнини сақлаб қолиб, тўртинчи ўринга жойлашди. Бешинчи ўринда Бирлашган Қироллик номи қайд этилди, бу мамлакат ўтган йилги рейтингда кучли учликка киритилганди. Рейтингнинг олтинчи ўрнида эса Данияни кўриш мумкин. Дания ўтган йилга нисбатан икки поғона кўтарилган. 

Инновацион ривожланган давлатлар рейтингининг кучли ўнлигидан шунингдек, Сингапур (7), Финляндия (8), Германия (9) ва Ирландия (10) мамлакатлари ўрин олган. 

Осиё қитъасидан етакчилар - Сингапур (7), Жанубий Корея (11) ва Япония (14). 

127 мамлакат иштирокидаги рейтингни тузишда институтлар, таълим ва инфратузилманинг ривожланиши, бизнес учун яратилган шароитлар каби омиллар инобатга олинган. Рейтингни тузишда муаллифлар 30дан зиёд давлат ва хусусий манбалар маълумотларига асосланишди. Жорий йилдаги тадқиқотнинг асосий мавзуси - қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат ишлаб чиқаришда инновацияларнинг қўлланиши. 

Марказий Осиё мамлакатларидан рўйхатнинг 78-ўрнида Қозоғистон, 93-ўрнида Тожикистон ва 94-ўрнида Қирғизистон номлари келтирилган. Ўзбекистон ва Туркманистон рейтингда йўқ.