Лестер университети билан Ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Ўзбекистон 17 Июнь 2017 6427

Ўзбекистон ТИВнинг Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети (ЖИДУ) Буюк Британиянинг Лестер университети билан Ҳамкорлик меморандумини имзолади. 

Келишув олий таълим соҳасида академик хизматларни тақдим этиш, халқаро муносабатлар бўйича кадрларни халқаро стандартлар асосида қайта тайёрлаш ва малака ошириш, шунингдек халқаро муносабатлар, дипломатия, халқаро иқтисодиёт, халқаро бизнес, халқаро молия ва халқаро тижорат ҳуқуқи йўналишлари бўйича илмий-таҳлилий фаолиятни йўлга қўйиш мақсадида ЖИДУда Лестер халқаро тадқиқотлар мактаби яратилишини кўзда тутади. 

Ташқи ишлар вазирлигининг Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетига 1992 йилда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан асос солинган. Олий таълим даргоҳи дипломатик хизмат ва халқаро муносабатлар бўйича кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек ташқи сиёсат, ташқи иқтисодий фаолият ва халқаро ҳуқуқ соҳасидаги илмий-тадқиқий фаолият юритиш билан шуғулланади. 

Лестер университетига эса 1921 йилда асос солинган бўлиб, у Буюк Британиянинг етакчи олий таълим даргоҳларидан бири ҳисобланади. 2016-2017 йилги рейтингда Лестер университети «Times Higher Education» версияси ҳамда QS World University Ranking версияси бўйича дунёнинг энг яхши олий таълим муассасалари қаторига киради. Университетда 28 мингдан зиёд талаба таҳсил олади, уларнинг 50 фоизи халқаро талабалар ҳисобланади. 

Кўпроқ янгиликлар