Мажбурий ижро бюроси ходимлари учун расмий формалар ҳали тасдиқланмаган

Ўзбекистон 19 Июнь 2017 21538

Мажбурий ижро бюроси ходимлари учун формаларнинг якуний кўриниши ҳали тасдиқланмаган. «Кун.uz»га Адлия вазирлиги вакили маълумот беришича, интернетда тарқалган суратлар ҳақиқий формалар эмас.

Шу билан биргаликда, ҳақиқий формалар ҳам интернетда тарқалган суратлардагига ўхшаб кетиши, ходимларда худди шундай рангдаги формалар ва кепкалар бўлиши айтилди. Лекин, форма елкасида MIB ёзуви, ходимнинг қўлида эса дубинка бўлмайди.

«Ходимлар полициячилардек бўлиши ҳақиқатга яқинмас. Улар дубинкада юрмайди. Уларда умуман қурол бўлмайди. Улар тартибни, хавфсизликни таъминлаш билан шуғулланмайди. Улар қарздорларнинг уйига бориб, қарзни тўлашга чақиради, қарзни тўламаслик оқибатларидан огоҳлантиради», деган суҳбатдош.

Вазирлик вакили формаларни тайёрлаш ҳали лойиҳа босқичида экани, яқин вақт ичида форманинг ҳақиқий суратлари эълон қилинишини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, бугун ижтимоий тармоқларда  гўёки Мажбурий ижро бюроси ходимлари тасвирланган суратлар тарқалди. Энди маълум бўлишича, бу ижтимоий клип суратга олиниши жараёнида олинган суратлар эди.

2017 йил 29 майдаги президент фармонига кўра, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд департаменти тугатилиб, Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилганди.

Тошкент прокурори Ботир Қудратхўжаев коммунал тўловларни ундирувчи бюрога раҳбар этиб тайинланган.

Кўпроқ янгиликлар