АҚШ президенти Дональд Трампнинг Иқлимга доир Париж келишувидан чиқиши тўғрисидаги қарори дунё аҳли ва Америка халқининг ёруғ келажак ва соф энергия манбаига бўлган интилишини тўхтата олмайди. Ҳолливуд юлдузи ва Калифорниянинг собиқ губернатори Арнольд Шварценеггер Венада бўлиб ўтган иқлим муҳофазасига бағишланган Австрия жаҳон саммитида шундай баёнот билан чиқди. ТАСС агентлиги шу ҳақида хабар берди. 

"Ҳавонинг ифлосланишидан ҳар йили юзлаб одамлар ҳалок бўлмоқда, биз иқлимни асраш учун кураш ишида ҳамкорлик қилишимиз керак. Бугунги келиб биз соф энергияга доир мақсадимизга деярли эришдик. Менинг оптимистлигим кимнидир ажаблантириши мумкинлигини биламан, айниқса президент Трампнинг Иқлимга доир Париж келишувидан чиқиши ҳақидаги хабардан кейин", - деди Шварценеггер.

У форум қатнашчиларини иқлимни асраш тарафдорлари охир-оқибат муваффақиятга эришишига ишонтирди. "АҚШ - бу фақат Вашингтон эмас, штатлар биргина кишидан иборат эмас. Бир киши Париж келишувидан юз ўгирди, аммо бизнинг корхоналаримиз, университетлар, олимлар ўз позициясига содиқ қолишди, улар Париждан юз ўгиришмади. Америкаликларнинг учдан икки қисми Париж келишувини қўллаб-қувватлайди, уларнинг орасида губернаторлар ва корхоналар раҳбарлари ҳам бор", - дея таъкидлади Шварценеггер.

"Вашингтоннинг узоқни кўра билмайдиган қарорлари бизни тўхтата олмайди. Мен барчани ишонтириб айтаманки, бир инсон бизни тўхтата олмайди, бир киши ўтмишнинг ифлос энергия манбаларини тиклаб, келажакни ўзгартира олмайди. Биз ғалаба қиламиз ва келажагимиз билан фахрланамиз, биз фарзандларимизнинг келажагига замин яратамиз", - деди у.

Шварценеггер губернаторлик (Калифорния) даврида кўплар унинг иқлим муҳофазасига доир сиёсатини қўллаб-қувватлаганини, Вашингтон эса бундай қилмаганини айтди. "Биз зарарли чиқиндиларни камайтириш, қуёш энергиясини ривожлантиришга йўналтирилган стандартларни ишлаб чиққанмиз. Биз чиқиндиларни 2020 йилгача 25 фоизга, 2050 йилгача 85 фоизга қисқартириш тўғрисидаги умуммиллий қонунларни яратганмиз. Биз қуёш энергиясини ривожлантиришни таклиф қилганмиз, Вашингтон эса доим бизнинг бу ниятларимизга қарши чиққан", - дея қўшимча қилди актёр.