SpaceX асосчиси Илон Маск New Space журналидаги мақоласида Марс сайёрасидаги илк шаҳарлар, одамларнинг сайёралараро транспортировкаси ва космик кемалар ҳақида сўз юритди.

 

Марсдаги шаҳарлар ҳақида

Маскнинг режаларига кўра, яқин 50 йилда Марсда миллионлаб аҳолига эга шаҳарларни бунёд этиш мумкин бўлади. У шу тариқа инсониятни сайёралараро ҳаракатланувчи мавжудотга айлантирмоқчи. Маскнинг фикрича, одамлар "охир замон ҳодисаларини четлаб ўтиш" учун Ерни тарк этишлари керак.

"Ўйлашимча, бизнинг икки йўлимиз бор. Биринчиси - биз умрбод Ерда қоламиз ва буткул йўқ бўлиб кетамиз. Муқобил йўл эса - космик цивилизация", - дейди Илон Маск.

Унинг сўзларига кўра, жорий юз йилликда Марсда йирик шаҳар қурилиши мумкин ва у нафақат кўчиш пункти, балки ўз "литий заводлари ва пиццерияларига эга" жамиятга айланади.

 

Космик кўчиш ҳақида

Ишбилармоннинг маълум қилишича, у мингдан ортиқ кемалардан "Марс колония флоти"ни қурмочи. У бир парвозда Марсга 200 йўловчи ва инфратузилма қуриш учун қурилиш материалларини етказа олади.

Маскнинг баҳоларига кўра, инсониятнинг илк вакиллари ўн йилдан кейин Марсни ўзлаштириш учун йўл олишлари мумкин. Шаҳарнинг тўлиқ қамраб олинишига эса 40 йилдан 100 йилгача вақт керак бўлади.

"Агар Марсдаги шаҳарда миллион киши яшаса, у ҳолда илк Марс цивилизацияси ўзини ўзи таъминлай олади. Сиз икки йилда бир марта 100 кишини сиғдирувчи кемада парвоз қилишингиз мумкин, - шу тариқа 10 минг парвоз давомида миллион киши йиғилади", - дейди Маск.

Маск келгусида йўловчи ўринларини кўпайтириш ғоясидан воз кечмади. У ҳаво кемаси келгусида 200 дан зиёд кишини қабул қилиши, чипта нархи эса арзонлашиши мумкинлигини айтди.

"Бундай саёҳатлар жуда қувноқ ва қизиқарли бўлади. Ҳеч ким зерикмайди. У ерда "сузишингиз" мумкин. Кемада кинозаллар, маъруза заллари ва ресторан бўлади", - дейди Илон Маск.

Маск Марсга илк парвозни 2022 йилда амалга оширишни режалаштирмоқда. У Марсда ҳаётдан кўз юмишни исташини айтган, бироқ "фақат у билан тўқнашувдан эмас".

 

Марс ва бошқа сайёралардаги шароитлар ўртасидаги фарқлар ҳақида

2015 йилда NASA 2030 йилга бориб Марсда илк колонияларни тузиши тўғрисида эълон қилди. Космик агентлик сайёрани ўзлаштиришнинг биринчи босқичи сифатида яшаш учун Ойда база яратишни режалаштирди.

Бироқ Маск ўзининг мақоласида бундай қарорга танқид билан ёндашди ва шаҳар қуриш учун Ойдан кўра Марс кўпроқ "яроқли" эканини айтди, чунки Марсда кун Ердагидан атиги 30 дақиқага узун, сайёрада қуёш нури етарли ва атмосфера ҳам бор, гравитация эса Ердагининг 37 фоизини ташкил қилади.

Маск нима учун унинг танлови Қуёш тизимидаги бошқа сайёра эмас, айнан Марсга тушганига изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, Венерадаги юқори босим у ерда "ишлашни қийинлаштирган" бўларди, Меркурий - Қуёшга ҳаддан зиёд яқин жойлашган, Юпитер ва унинг йўлдошларига эса, аксинча, етиш қийин.

 

Ракеталар ҳақида

Ҳозирги вақтда инсониятнинг Марсга парвози нархи тахминан 10 миллиард долларни ташкил қилса-да, ишбилармон ракеталарни коинотнинг ўзида танкерлар билан қувватлаш орқали харажатларни 100 минг долларга пасайтиришга умид қилмоқда.

Шунингдек у Марсда метан қазиб чиқариш заводи ва янги ёқилғи турини ишлаб чиқаришни мўлжалламоқда. Шунда ҳаво кемаси Ерга қайтиш учун Марснинг ўзида қувватлантирилар эди. Метан туфайли муваффақиятли парвозлар ва қўнишлар сони кўпаярди.

"Марсда космик кемалар қўниб, Ерга қайтмайдиган шаҳарни қуриш у қадар мантиққа тўғри келмасди. Агар шундай бўлган тақдирда, Марсда ракеталарнинг улкан қабристони ҳосил бўлар эди", - дейди SpaceX асосчиси.

Маск ўз миссияларида "Марс" номли ракета ташувчидан фойдаланмоқчи. У "Апполон" миссиясида қатнашган "Сатурн-5" ракетасидан уч карра кўпроқ оғирлик ва зарбани кўтара олади.

Шу билан бирга, SpaceX компанияси бутун дунё бўйлаб янги ташувчи ракеталардан фойдаланишни режалаштирмоқда. Мутахассисларнинг баҳоларига кўра, Нью-Йоркдан Токиога юк етказиш учун атиги 10 дақиқа керак бўлади.

 

Илон Маскнинг лойиҳага муносабати

Маскнинг сўзларига кўра, "унинг шахсий активлар тўплашига асосий сабаб - шу лойиҳани амалга ошириш".

"Шахсий активларимни йиғишимга ҳақиқатда бошқа сабаб йўқ, фақатгина инсониятнинг сайёралараро фаолиятга катта ҳисса қўшишгина бундан мустасно", - дейди Илон Маск.

SpaceX компанияси фаолияти аввалида Маск қачонлардир Марсга парвоз қилиш ва у ерни ўзлаштиришга тайёрланиш ҳақида ҳатто ўйламаган ҳам.

"2002 йилда мен космик саноатида бирор нима қилиш учун ҳеч бўлмаганда 10 фоизли имконимиз (масалан, Ер орбитасига ракета йўллаш) бор деб ўйлардим. Унинг ташқарисига чиқиб, Марс ҳақида ўйлашни-ку гапирмаса ҳам бўлади", - дея хотирлайди Маск.