АҚШ президенти Дональд Трамп Ҳамбургдаги “Катта йигирматалик” саммитида россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан кенг кўламли учрашув ўтказмоқчи. Бу ҳақда Associated Press номи ошкор этилмаган америкалик амалдорларга асосан хабар берди.

Манбалар маълумотига кўра, Трамп барча дипломатик расмиятчиликларга риоя этилган учрашувни истамоқда. Хусусан, у кўпроқ ОАВ ходимлари қатнашиши ва бундай музокараларга хос бўлган барча керакли баённомаларни тайёрлашга чақирмоқда.

Бироқ, агентликнинг таъкидлашича, Оқ уй маъмуриятида Трампнинг Путин билан учрашиши борасида чуқур ажралиш бор. Масалан, кўпчилик амалдорларнинг фикрича, Вашингтонга масофани сақлаш ва Москва билан эҳтиёткорлик билан алоқада бўлиш керак.

Эслатиб ўтамиз, Ҳамбургда “Катта йигирматалик” давлатлари гуруҳи саммити 7-8 июль кунлари бўлиб ўтади.