“Остона Экспо-2017”: дунёни ким нима билан ҳайратга солмоқда?

Жаҳон 29 Июнь 2017 22791

Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган “Expo 2017” бутунжаҳон кўргазмасида 120 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлар иштирок этмоқда. Бу йилги халқаро кўргазма келажак энергияларига бағишланган. Кўргазма 10 сентябрга қадар давом этади.

47 160 кв.м. ҳудудни эгаллаган майдонда ҳар бир давлатнинг павильонини айланиб чиқишга бир кун етмайди. Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон, Россия, Покистон, Ҳиндистон, Туркия, Саудия Арабистони, Қатар, Япония, Франция, Грузия, Миср павильонларида бўлдим. Жанубий Корея, Хитой, Британия, АҚШ, БАА, Германия давлатлари павильонида навбат узунлиги учун киролмадим. Энг катта навбат марказий павильон — катта шар тарзидаги 8 қаватли бинога кириш учундир (Қозоғистон павильони ҳам шу бинода жойлашган). Қаерда катта навбат бўлса, демак ўша ерда қизиқарли нимадир бор. Бу ҳақда Ziyouz хабар берди. 

Павильонлар дизайни, экспонатларни қай тарзда жойлашни давлатларнинг ўзлари ҳал қилган. Катта залнинг у ер-бу ерига экспонатларни ташлаб қўйганлар ҳам бор. Менга лабиринт шаклидаги, бир жойдан кириб, иккинчисидан чиқадиган павильонлар ёқди. Бу ҳолатда томошабин ҳар бир экспонат билан танишиб чиқишга мажбур бўлади. Бу борада Россия, Туркия, Франция павильонлари дизайни профессионал чиққан.

Ушбу мажмуани қуришга 1.5 млрд $ (расман, норасмий 3 млрд $) сарфланган.

Ким қандай чақирмоқда?

Вақт кам. Ҳамма энг яхшиларни кўргиси келади. Аслида энг яхши реклама — кўрганларнинг тавсиялари. Унақа реклама бўлмаса-чи? Мухлисларни қандай чорлаш керак?

Қозоқ ёшларида араблар ва африкаликларга қизиқиш катта экан. Бу географияга мансуб давлатлар павильонларида тирик маникенлар — миллий кийимдаги йигитлар (аёлларни кўрмадим) ҳамма билан расмга тушишмоқда. Ҳиндистон, Покистон ва Африка давлатлари баланд мусиқа ва қўшиқлари билан мухлис чақирмоқдалар. Ҳиндистон павильонида эсдаликлар бозори қайнамоқда. Россия, Франция, Япония каби давлатлар асосий эътиборни тарих, шу давлатнинг илм-фанга қўшган ҳиссаси ва асосийси, куч-қувватини намойиш этишга қаратган. Баъзи давлатлар асл мавзу қолиб, туризм ва ҳунармандликка асосий эътиборни қаратган. Саудия Арабистони павильонида намозхона ҳам бор.

Россия павильони. Россияликлар асосий эътиборни глобал исиш ва Арктикага қаратганлар.
Ҳатто Арктикадан улкан муз парчасини олиб келиб, унинг эришини намойиш этмоқдалар.

Подшосини жудаям яхши кўрадиганларни кўрмоқчи бўлсангиз Туркманистон ва Саудия Арабистони павильонларига ташриф буюринг.

Улкан шар ичидаги асосий павильон

Асосий павильон — «Нур олам»га киришда узун навбат мавжуд. Ҳаммани бирданига киритишмаяпти. Ҳар уч минутда 40-50 кишини киритишмоқда. “Экспо-2017”нинг рамзига айланган ушбу бино 80 метр диаметр ва 100 метр баландлиги билан дунёдаги энг катта сферик иншоотдир.

«Нур олам» павильонининг маркази

Павильоннинг биринчи қаватида асосан Қозоғистон республикаси тақдим этган лойиҳалар ўрин олган. Бинонинг энг юқори қисмига кўтарилишга — лифт олдида ҳам турнақатор навбат. Ярим соатлар навбатда қолиб кетдим. Улкан шарнинг ҳар бир қавати келажак энергиялари соҳаларига бағишланган.

8-қават «Келажакдаги Остона» деб номланган. Лифтдан чиқишингиз билан сизни ойнали пол томон йўналтиришади. Қарийб юз метр баландликдан шаффоф ойна орқали пастдаги барча павильонлар кўринади. Баландликдан қўрқадиганларга тавсия қилинмайди. Бу бўлимда Қозоғистон пойтахтида келажакда қилиниши режалаштирилган улкан технологик лойиҳалар баён қилинган.

«Нур олам» павильонининг маркази

Келажакдаги Остона

2-7-қаватларда келажак энергияси музейи жойлашган бўлиб, ҳар бир қават махсус соҳаларга бағишланган: космос энергияси, Қуёш энергияси, шамол энергияси, биомасса энергияси, кинетик энергия, сув энергияси. Ҳар бир соҳа бўйича интерактив кўргазмалар ташкил этилган: космос энергияси бўлимида сайёралар, ойу юлдузлар хоналари, космос музейи, болалар учун интерактив ўйинлар ташкил этилган. Қуёш энергияси бўлимида улкан қуёш тасвиридаги музей бўлиб, унинг ичида қуёш энергияси билан боғлиқ медиа маълумотлар тақдим этилган. Шамол энергияси бўлимида сунъий шамоллар ташкилланган. Ҳатто ураган ҳам бор.

Шамол энергияси таъсирида ҳавода муаллақ ҳаракатланаётган мато

Биомасса энергияси бўлимининг поллари остига дунёдаги ўсимлик уруғларини жойлаб, устидан шаффоф ойна қоплашган. Тирик организмлардан энергия олиш жараёни жонли намойиш этилмоқда. Сув энергияси бўлимида болалар учун сув иншоотлари барпо қилинган. Болалар махсус дамба, чархпалак ва бошқа гидротехник қурилмалар макетларини ўзлари бошқаришади.

Биомасса бўлимидаги уруғли поллар

Кўнгил очмоқчимисиз?

“Остона Экспо-2017” мажмуасида кўргазма павильонларидан ташқари амфитеатр (6000 кишига мўлжалланган очиқ концерт майдонида ҳар куни дунё ва қозоқ санъати юлдузлари концерт қўйишади), миллий кунлар саҳнаси (ҳар бир иштирок этувчи давлат учун алоҳида миллий кун белгиланган бўлиб, шу давлат кун давомида ўз маданияти ва санъатини намойиш этади), дю Солей цирки (дунёга машҳур дю Солей цирки шоулари намойиш этилади), Арт-марказ (замонавий санъат кўргазмалари, конференциялар, таълим ва маданият соҳасида маърузалар, кино намойишлари ўтказилади), болалар учун кўнгилочар парк (ижодий мастер-класслар, рақамли кўнгилочар ўйинлар, аквагрим, кимёвий шоулар) мавжуд.

Остона шаҳри марказида “Экспо”да иштирок этаётган давлатлар ва халқаро ташкилотлар рамзлари ифодаланган ҳайкаллар кўргазмаси ҳам ташкил этилган.

Ўзбекистон рамзини ифодалаган ҳайкал

“Экспо”да сайр этиш арзон эмас

“Остона Экспо-2017”га кириш пулли. Иш кунларида бир марталик маълум сана учун кириш билети 4000 тенге (12.4 $), дам олиш кунлари учун 6000 тенге (18.6 $), иш кунларида очиқ сана билан бир марталик билет 6000 тенге, дам олиш кунлари учун 8000 тенге (24.8 $), бутун мавсум давомида хоҳлаган пайтда кириш абонементи 50000 тенге (155 $). Ногиронлар, 2-жаҳон уруши қатнашчилари, етим болалар, 6 ёшгача бўлган болаларга кириш текин. Ўқувчилар, талабалар, пенсионерлар, кўп фарзандли оналар билетни ярим нарх билан оладилар.

“Остона Экспо-2017”: Ўзбекистон павильони

“Остона Экспо-2017”: Ўзбекистон павильонида нималар бор?

“Остона Экспо-2017” мажмуасига киришим билан Ўзбекистон павильонини қидирдим. Асосий кириш қисмининг бошида экан. Кўзга, дилга яқин байроғимизни кўриб, шахдам қадам билан олға интилдим. Ушбу халқаро кўргазманинг мавзуси келажак энергияларига қаратилган бўлса-да, асосий мақсад мамлакатнинг имкониятларини намойиш этишдир. Павильонга киравериш деворларига улкан экран ўрнатилган бўлиб, унда Ватанимиз табиати, неъматлари, тарихий обидалари, энергия манбалари расмлари намойиш этилмоқда.

“Остона Экспо-2017”: Ўзбекистон павильони

Ташқарига «Ravon R4 on Biofuel» маркали автомобилимиз қўйилган. Биоёнилғи ва газолин билан ишлайдиган ушбу автомобиль 4 цилиндрли, 105/112 от кучига эга, 170/181 км/соат тезликда ҳаракатланади, шаҳар ичида ҳар 100 километрга 8,4 литр, шаҳар ташқарисида 5,3 литр биоёнилғи сарфлайди.

Ўзбекистон асосий павильони

Ўзбекистон асосий павильони дизайни футурологик фильмлардаги самовий кемаларни эслатади. Мутахассисларнинг айтишича, Марказий Осиё давлатлари ичида энг инновацион павильон Ўзбекистонникидир.

Қуёшдан қувват олувчи электромобиль

Павильон марказига Турин политехника университети Тошкент филиали талабалари лойиҳалаштирган қуёш энергиясидан заряд олувчи электромобиль макети жойланган. 2 кишини сиғдирувчи ушбу автомобиль 2 та кичик мотор билан ишлайди. Автомобиль кузовига қуёш батареялари ўрнатилади. Аккумуляторларни электр тармоғи орқали тўлиқ зарядлашга 4 соат, қуёш батареяси орқали 8 соат кетади. 50 км/соат соатгача ҳаракатланувчи ушбу автомобиль аккумулятори заряди 100 км масофани босиб ўтишга етади.

Намойишга гидроген системада ишловчи экологик “Матиз” автомобили ва экологик тоза, овозсиз электрокартинг, экокапсула (сайёҳлар учун қуёш нуридан зарядланувчи), водородли сварка аппарати ҳам қўйилган.

Тошкентлик талабалар ясаган робот

Тошкентлик талабалар ясаган турли робот қурилмалари кўпчиликда катта таассурот уйғотмоқда. Кубик-рубик йиғувчи, сумочи «Lego-конструктор», «TECHNOROBOT» робот-конструкторлари, турли интерактив экскурсияларга мўлжалланган «Робот-гид» ва футбол ўйновчи роботларга ёшлар қизиқиш билдирмоқда.

Ўзбекистон павильони. 2-қават

Павильоннинг иккинчи қаватида ўзбекистонлик ҳунармандлар ишларидан намуналар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, миллий пазандачилик неъматлари, Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари намойиш этилган.

“Остона Экспо-2017” доирасида Ўзбекистон куни 5 сентябрь куни ўтказилади.

Давронбек Тожиалиев

Кун янгиликлари
Соч тўкилиши нега ёшариб кетмоқда – мутахассис жавоб беради
10:01 52855 Жамият
Олти йил фалажликда: фарғоналик она қисмати аслида қандай бўлган эди?
15:46 / 15.08.2017 65246 Жамият
Президентнинг тўйлар ҳақидаги сўзлари яна нотўғри талқин қилинди
15:15 / 15.08.2017 160589 Жамият
Тошкентдаги янги халқаро мактаб ва болалар боғчасига қабул эълон қилинди
11:17 / 15.08.2017 26693 Жамият
Бизнес-омбудсман президент девонида жойлаштирилади
Араблараро урушлар: замонавий дунёда араб мамлакатлари ўртасида бўлиб ўтган бешта йирик қуролли тўқнашув
18:09 5 Жаҳон
Кун фотоси: Озодбек Назарбеков Бишкекдаги ҳукуматлараро комиссияси мажлисида
Парвоз хавфсизлигини бузганлик учун жарималар қайта кўриб чиқилади
Тереза Мэй Трампнинг Шарлотсвилл бўйича позициясини танқид қилди
17:57 250 Жаҳон
Марказий банк 50 мингталик банкнотлар муомалага чиқарилишига шарҳ берди
Кўпроқ янгиликлар